Сирдарё туманида яшовчи 63 ёшли А.Раҳимов илгари олти маротаба судланган. Умрининг 25 йилдан ортиғини панжара остида ўтказган ушбу шахс яна жиноятга қўл урди.
У маст ҳолатда Сирдарё шаҳридаги Р.Отамуродова хонадонининг деворидан ошиб ўтиб, мулкини ўғирламоқчи бўлган вақтида, уйга келиб қолган вояга етмаган С.Сайдалиева кўриб қолади. Шу боис жиноятини охирига етказмай, воқеа жойидан яширинади.
Бундан ташқари, Сирдарё тумани ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган “Қорадори — 2021” тадбирда А.Раҳимовнинг хонадони кўздан кечирилганида, молхонаси ёнида жойлашган қуриган дарахт шохлари орасида икки дона полиэтилен тувакда бир тупдан наша гиёҳвандлик ўсимлигини қонунга хилоф равишда етиштириб келаётганлиги аниқланган.
Олиб борилган тезкор қидирув ишлари натижасида А.Раҳимов қўлга олинди. Суд ҳукмига кўра, унга нисбатан 6 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.
Абдураҳмон МУСТАФОҚУЛОВ,
“Постда” мухбири.
Сирдарё вилояти.
