Давлатимиз раҳбарининг “Ички ишлар органларини профессионал тузилмага айлантириш ва аҳоли билан янада яқин ҳамкорликда ишлашга йўналтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори осойишталик посбонларининг халқ орасидаги обрў-эътиборини янада ошириш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди.

 Чунки мазкур соҳа ходимлари “Инсон қадри учун” тамойили асосида халқпарвар тизим вакиллари сифатида юртдошларимизнинг чинакам кўмакдошига айланиб бормоқда. Бунга элимиз ходимларнинг аҳолига кўрсатаётган ёрдамларини оммавий ахборот воситалари орқали ҳам кўриб, гувоҳи бўлиб турибди. 

Жонажон халқимизнинг розилигига эришиш, она Ватан олдидаги муқаддас бурчини чин юракдан ҳис этган ҳолда, масъулият билан бажариш давлат хизматчиларининг олий бурчи саналади. Мазкур қарор билан тасдиқланган Ички ишлар органларининг касбий маданият ва хизмат интизоми кодекси ҳам соҳа ходимларининг устувор вазифалар белгиланиб, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш муқаддас бурчи сифатида кўрсатиб ўтилган.

Шу боисдан бугунги кунда тизимнинг барча ходимлари мазкур кодексга амал килган ҳолда, ўзининг хизмат самарадорлигини ошириш, раҳбарлар эса қўл остидаги шахсий таркибнинг оилавий-маиший муаммоларини доимий равишда ўрганиш ва ҳал этиш бўйича самарали чора-тадбирларни амалга ошириши кўзда тутилган. 

Шунингдек, ушбу ҳужжатда ходимларнинг хизматга қабул қилинишидан то интизомий жазога тортилиб, ишдан бўшатилишигача бўлган барча чора-тадбирлар аниқ-равшан белгилаб берилган. Шундан келиб чиққан ҳолда, осойишталик посбонлари янги куч ва шижоат билан хизмат қилиб, Янги Ўзбекистонни барпо этиш ҳамда меҳнацевар халқимизнинг ишончини қозониш орқали мамлакатимиз тинчлик-осойишталигини янада мустаҳкамлашга аҳд қилди.  

Шуҳрат АБДУМУРАТОВ, 

Тошкент вилояти ИИББ ММИ ва КБТХ бошлиғининг ўринбосари,

 подполковник.