Ички ишлар органлари тизимида ҳам ана шундай бахтиёр инсонлар талайгина. Улар юртимиз тинчлиги ва халқимиз осойишталигини таъминлашдек шарафли вазифани адо этиб келмоқдалар. Шундайлардан бири ИИВ Қоровул қўшинларига қарашли, Наманган вилояти Поп туманида жойлашган 7552-ҳарбий қисмнинг назоратчилар взводи, 2-назоратчилар гуруҳи, 3-сексия 3-тоифали назоратчиси, кичик сержант Наврўз Абдувоитовдир.
У 1997-йил 21-март куни Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида дунёга келган. Табиат уйғониб, заминда янгиланиш нафаси уфуриб турган шу кунда туғилган болага бобоси Наврўз деб исм қўяди. Чунки бу фарзанд оилага ҳам янги умид ва янги ҳаёт олиб келгандек эди.
Мактабни муваффақиятли тамомлаган Наврўз йигитлик бурчини Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот тумани Жаслиқ қўрғонида жойлашган ИИВ Қоровул қўшинларига қарашли 7553-ҳарбий қисмда ўтайди. Бу ерда интизомлилиги, масъулиятлилиги ва топширилган вазифаларни пухта бажариши билан командирлари эътиборини қозонади. 2018-йилдан буён эса 7552-ҳарбий қисмда шартнома асосида хизмат қилиб келмоқда.
– Хизматга қабул қилинган вақтимда менга катта сержант Ҳожиакбар Ҳусанов мураббий сифатида бириктирилган эди, – дейди у. – Устозимнинг сабоқлари мен учун катта мактаб бўлди.
Бугунги кунда кичик сержант Наврўз Абдувоитовнинг ўзи ҳам устоз мақомида.
У ёш ҳарбий хизматчиларга жанговар хизмат сир-асрорларини ўргатиб, уларни тарбиялашда бўлинма командирларига яқиндан ёрдам бермоқда.
Ҳарбий хизматда у талабчанлиги, ташаббускорлиги ва изланувчанлиги билан ажралиб туради. Жанговар хизматни ўташ жараёнида ҳарбий интизом, қонунларга қатъий риоя қилди.
– Кичик сержант Наврўз Абдувоитов бўлинмамиздаги энг намунали ҳарбий хизматчилардан бири. У ёшларга касб сирларини ўргатиб, уларни бурчга садоқат руҳида тарбиялаб келмоқда, – дейди ҳарбий қисм командири,
подполковник Ҳусан Бекчанов.
Наврўз Абдувоитов нафақат ҳарбий хизматда намуна, балки оиланинг ҳақиқий таянчи. У шириндан-шакар фарзандларининг меҳрибон ва ғамхўр отаси. Турмуш ўртоғи Моҳинур Воҳидова уни оилапарвар ва жонкуяр инсон деб таърифлайди.
– Бир сўз билан айтганда, у оиламиз устуни, – дейди турмуш ўртоғи. – Наврўз байрами оиламизда алоҳида шукуҳга эга. Чунки оиламизда бу сана қўшалоқ шодликка тўлган алоҳида кун сифатида қадрланади.
Баҳорнинг қутлуғ кунида дунёга келган кичик сержант Наврўз Абдувоитов бугун юртимиз тинчлиги ва халқимиз осойишталигини таъминлаш йўлида фидойилик билан хизмат қилмоқда. Унинг фаолияти гўё исмининг маъносини тасдиқлаётгандек: янги кун – янги умид, янги ҳаёт.
Адолат ФАЙЗИЕВА,
ўз мухбиримиз.
