...Эрталаб ишга отланган подполковник Сайёра Умартаэва маҳалладаги уйлардан бирининг эшиги олдида йиғлаб турган келинчакка кўзи тушди. Ёнига бориб, ундан ҳол-аҳвол сўради. Хизмат кийимидаги ходимни кўрган келинчак дарров йиғини тўхтатиб, арзимаган оилавий муаммоси борлигини, уни уйдагилари билан ўзаро келишиб олишини айтди. Бу гапларга ишонмаган подполковник келинчакни маҳалла биносига таклиф қилиб, у билан дилдан суҳбатлашди. Шундан кейингина кўнглини очган аёл қайнонаси узоқ вақтдан бери ўғли ишга кетиши билан уни кўчага ҳайдаб, онасиникига кетишини талаб қилаётганини билдирди.
Гап нимадалигини тушуниб етган
С. Умартаэва дарҳол маҳалла фаоллари билан бирга, келинчак яшайдиган хонадонга борди. Олиб борилган тушунтиришлар натижасида орадан кўп ўтмай, қайнона келини билан олдингидек тинч ҳаёт тарзига қайтди.
Бу каби воқеалар Янгийўл тумани ИИБ ҲПБ хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори, подполковник Сайёра Умартаэванинг фаолиятида тез-тез учраб туради. Жорий йилнинг дастлабки 6 ойида унинг саъй-ҳаракатлари билан ажрим ёқасидаги 94 та оиланинг сақлаб қолингани лавҳамиз қаҳрамонининг ўз касбига бўлган юксак салоҳиятидан далолатдир.
Ҳудудда истиқомат қилаётган кўп минг сонли хотин-қизларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашда подполковник С.Умартаэванинг хизмати беқиёс, – дейди туман ҳокими ўринбосари – оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Н.Нормирзаэва. – У аёлларнинг яқин дўсти, ишончли ҳимоячисига айланган, десак, асло муболаға бўлмайди.
Вилоят ИИББ, прокуратура ҳамда туман ҳокимлиги билан ҳамкорликда «Хотин-қизларни эъзозлаш ҳафталиги» ташкил этилиб, унинг доирасида турли мавзулардаги семинар-тренинглар ўтказилди. Шунингдек, жазони ижро этиш муассасасидан озод этилган, пробасия бўлими рўйхатида турган ҳамда илгари судланган шахсларни ишга жойлаштириш борасида меҳнат ярмаркалари ўтказилиб, 65 нафар хотин-қиз иш билан таъминланди. Аёлларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш мақсадида бир неча аёлга ҳимоя ордерлари берилди.
– Гендер тенглик таъминланиб келинаётган бугунги кунда юртимиздаги барча соҳалар қатори, ички ишлар органлари тизимида ҳам ёш ходималар кўпчиликни ташкил этмоқда, – дейди С.Умартаэва. – Шу боисдан, уларга доимо касбига содиқ қолиб, унинг қийинчиликларини сабот билан енгишини, оилада эса барча ҳавас қиладиган намунали бека бўлишини тилаб қоламан.
Михли САФАРОВ,
«Постда» мухбири.
Тошкент вилояти.
