«Устоз» деган юксак мақомга эришган, ҳар қанча мақтов ва эътирофларга лойиқ инсонлар сирасига Ўзбекистон ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист, Табиат ва жамият фанлари халқаро академиясининг академиги, юридик фанлар доктори, профессор, генерал-маёр Убайдулла Таджихановни ҳам киритиш мумкин.
ҲАЁТ МАЗМУНИ
Умрининг 23 йилини бевосита ички ишлар органлари равнақига бағишлаган, 1982-йилдан педагогик ва илмий фаолиятини бошлаган генерал-маёр У. Таджиханов ҳаёт йўлини ўз халқига, она Ватанига садоқат билан хизмат қилиш йўли деб аташ мумкин.
1992-йилдан Олий мактаб, 1994-йил сентабридан 2004-йил сентабр ойигача ИИВ Академияси бошлиғи лавозимида фаолият кўрсатган фидойи устоз раҳбарлигида Академияда катта бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Янги ўқув бинолари, замонавий аудиториялар, ётоқхоналар, санатория-соғломлаштириш маркази бунёд этилди, Маданият саройи, спорт комплекси, ошхона каби кўплаб иншоотлар қайта қурилди. Академия унда фаолият олиб бораётган устоз-мураббийлар ва таълим олаётган курсантлар ғурурланадиган том маънодаги таълим-тарбия, илм, маданият ва маърифат масканига айланди.
Генерал У. Таджиханов ташаббуси билан 1997-йилда Академия профессор-ўқитувчилари, қолаверса, республикамизнинг турли соҳа олимлари илмий изланишларининг натижаларини ёритиш мақсадида «Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академиясининг ахборотномаси» чораклик илмий-амалий юридик нашри фаолияти йўлга қўйилган. Унинг саҳифаларида мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий-ҳуқуқий ҳаётига, давлатчилик, қонунчилик, ҳуқуқ-тартибот, маънавият ва маърифат ҳамда таълим-тарбия соҳаларига оид илмий мақолалар бериб борилди.
Академиянинг илмий жамоатчилиги Ўзбекистон Республикасининг Конститусияси, Жиноят кодекси ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексини яратишда, ички ишлар органлари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини белгилаб берувчи бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳаларини ишлаб чиқишда бевосита қатнашиб, ижтимоий ҳаётни ва давлат бошқарувини эркинлаштириш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишда фаол иштирок этди.
Бир сўз билан айтганда, устоз раҳбарлигида Академиянинг илмий салоҳияти ниҳоятда юксалиб, ҳуқуқ, фалсафа, сиёсат, тарих ва касбий соҳаларни жадал ривожлантиришга имкон берди.
Айни пайтда шарқу ғарбдаги бир қатор етакчи давлатларнинг ички ишлар органлари учун ходимлар тайёрлайдиган олийгоҳлари билан халқаро ҳамкорлик алоқалари ўрнатилдики, натижада илғор тажрибаларни ўрганиш, курсантларнинг хориж мамлакатларида амалиёт ўташи ва таълим тизимини инновасион ғоялар билан бойитиш имконияти яратилди.
ЭГИЛМАГАН БОСН
«Эгилган бошни қилич кесмайди» нақли қулоғингизга чалинган чиқар. Лекин ўтган асрнинг 80-йилларида юз берган юзсизликлар шуни кўрсатдики, не-не эгилган бошларни ҳам Гдлян ва Ивановлар қўлидаги қонли қиличлар чопиб ташлади. Фақат иродаси метин, сўзида собит инсонларгина бош эгишни ор билди, тиз чўкиб яшалган ҳаётни дор билди...
Ўз сўзида собит Убайдулла Таджиханович ўта иродали ва сабр-бардошли инсон эди. Устознинг бу хислати жуда катта
қийинчиликлар, азобу уқубатларга дучор бўлганда янада яққолроқ намоён бўлди. У 1986-йилда тўсатдан қамоққа олинади ва роппа-роса уч йилу 23 кун панжара ортида ётади. Москванинг энг «таниқли» қамоқхоналарида сақланаётган ресидивистлар билан бир камерага жойлаштириб, сўнгсиз қийноқларга солинган Убайдулла Таджиханов барча қийинчиликларга чидади. Лекин эгилмади. 1989 йилда тўла оқланди. Унинг бекор қилинган унвонлари қайтариб берилиб, лавозимига қайта тикланди...
«КРУЖКА»
У. Таджихановнинг хонасига кирганлар стол устидаги алюминий «кружка»га кўзи тушган бўлса керак. Устоз бу идишдан фойдаланмас, лекин уни ташлаб ҳам юбормасди. Ўзининг айтишича, бу идиш ўша ноҳақ чекилган азоблар, айбсиз яқинларининг аламга тўла кечган кунлари, уларнинг кўз ўнгида жаннатга айлантирилган хонадонининг ғорат қилиниши, пул ва бошқа бойликларни излаб ҳатто болаларининг ўйинчоқларигача бузиб ташланганини эслатиб туради.
Лекин, шуни ҳам таъкидлаш жоизки, устоз озодликка чиққач, аламзадаликка берилмади. Аксинча, бор меҳрини, билим ва иқтидорини соҳа ривожига, чинакам халқчил ички ишлар органлари ходимларини тайёрлашга, одамларга яхшилик қилишга бағишлади.
ЯХСНИДАН ҚОЛГАН БОҒ
Халқимизда «Яхшидан боғ қолади...» деган пурмаъно ҳикмат бор. Яна «Инсонни азалу абад эслатиб турувчи уч нарса бор», дейилади муқаддас китобларимизда. Яъники, инсон қўли билан яралган боғ, қаламидан тўкилган асарлар, солиҳ фарзандлару содиқ шогирдлар афкор омма қалбида тикланган муҳташам ҳайкалга айланаркан. Устознинг бахти бутунлиги, хотираси тоабад нурга чулғанганлигининг исботи шуки, унда ҳар учаласи мужассамдир.
У.Таджиханов раҳбарлигида Академия ҳудудида худди тинчлик ва осойишталикни таъминлаш учун саф тортган ходимлардек бир текис арчазорлар, теварак-атрофга хуш бўйини таратиб турган анвойи гуллар ва сархил меваларини кўз-кўз қилаётган боғлар яратилдики, улардан баҳраманд бўлганлар устоз ҳаққига дуода бўлиши бегумон.
Ҳар бири икки жилддан иборат «Ҳуқуқий маданият назарияси», «Давлат ва ҳуқуқ назарияси», «Ўзбекистон Республикасининг конститусиявий ҳуқуқи», «Давлат ва ҳуқуқ асослари» каби ўнлаб дарсликлар, монографиялар, ўқув қўлланмалари ҳамда кўплаб илмий мақолалар ҳам У. Таджиханов яратган боғнинг меваларидир.
Академия сингари нуфузли таълим масканида 1992–2004-йилларда ички ишлар органлари учун 10 мингдан ортиқ малакали мутахассис кадрлар тайёрланди. Улардан моҳир изқуварлар, зукко терговчилар, доно профилактика инспекторлари, синчков эксперт-криминалистларнинг янги авлоди етишиб чиқди. Бугун устознинг ҳақли равишда шогирдлари деб аташ мумкин бўлган бу авлод вакиллари давлат ҳокимияти ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг деярли барча соҳаларида самарали хизмат қилмоқда.
У. Таджихановнинг саъй-ҳаракатлари билан мамлакатимиздагина эмас, минтақада ҳам энг нуфузли таълим масканларидан бирига айланган ИИВ Академиясини битирган ички ишлар органлари ходимлари нафақат Ўзбекистонда, балки Марказий Осиё давлатларида ҳам катта лавозимларда ва унвонларда самарали хизмат қилиб, пенсияга чиқишган. Ҳозиргача Академияни 20, 30 йил аввал битирган ходимлар тез-тез олий даргоҳ ҳудудида йиғилишиб, у ерда ўтган кунларини ва албатта беназир устозни эслаб туришади.
Шунингдек, МДҲ давлатларида ушбу нуфузли даргоҳни битириб, юқори унвонларда ва раҳбарлик лавозимларида бир қатор унинг шогирдлари хизмат қилаётгани ҳам эътирофга сазовор.
Устоз умри ва севимли касбининг бардавомлигини таъминловчи учинчи омил унинг дилбандларидир. У. Таджихановнинг ҳар учала ўғли ҳам ота изидан бориб, ички ишлар органлари тараққийсига хизмат қилишган.
Истеъфодаги подполковниклар Баҳодир ва Бахтиёр Таджихановлар юридик фанлар номзоди илмий даражасини олишга эришган бўлса, кенжа ўғил – истеъфодаги подполковник, юридик фанлар номзоди, досент Баҳром Убайдуллаев Академия курсантларига жиноят ҳуқуқи фанидан сабоқ берган.
Қувонарлиси, устознинг эвараси, яъни катта қизининг невараси Акбаршоҳ Баҳромов ҳам катта бобосининг йўлидан бориш мақсадида ИИВ Тошкент академик лисейининг охирги босқичида таҳсил олмоқда.
СЎНГСЎЗ ЎРНИДА
Убайдулла Таджиханович ҳаёт бўлганда, бу йил 85 баҳорни қаршилаган бўларди. Афсуски, бугун меҳрибон устоз орамизда йўқ, лекин устоз-мураббийнинг залворли умри ва бой ҳаётий мероси бугун ёш ходимлар ва келажак авлод учун ибрат мактаби бўлиб хизмат қилиши, шубҳасиз. Зеро, генерал-маёр Убайдулла Таджиханов сингари ўз ҳаётини, умрини эл-юрт тинчлиги, осойишталигини сақлашга, Ватанининг равнақи, гуллаб-яшнашига, республика ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари учун етук
кадрлар тайёрлашга ҳисса қўшишга бахш этган инсонлар хотираси қалбларда мангу яшайди.
Бир гуруҳ шогирдлари.
