– Йўлдаги ҳар бир инсон менга гўёки яқинларимдек. Болаларни кўрганимда ўз фарзандимни эслайман, катталар эса ота-онам ва яқинларим кабидир. Шу боис уларнинг кўзлаган манзилига эсон-омон етиб олишини истайман. Йўлдаги оддий эътиборсизлик ёки кичик хато катта кўнгилсизликларга сабаб бўлиши мумкин. Шунинг учун, энг аввало, ҳаракат иштирокчиларини қилган хатоларини англашга ундайман, – дейди лавҳамиз қаҳрамони.
Бир куни кечки навбатчилик чоғида Элдор қоидани бузган ҳайдовчини тўхтатди. Ҳайдовчи бунинг устига транспорт воситасини бошқараётиб телефонда гаплашаётган эди. У шошаётганини айтиб ўзини оқлади. Элдор ҳайдовчининг ҳужжатларини кўздан кечирар экан, вазминлик билан шундай деди:
– Бир сониялик шошилиш баъзан бир умрлик афсусга айланади. Мен сизга жарима солсам – қонун талабини бажараман, лекин агар сиз бунинг сабабини англасангиз, мен виждонимни ҳам хотиржам қиламан.
Бу сўзлар ҳайдовчига қаттиқ таъсир қилди. У ўз хатосини тушуниб, тан олди. Ходим эса:
– Сизнинг хатоингизни мен-ку кечирарман, лекин йўллар кечирмайди-да. Чунки бундай қилмишингиз билан кимнингдир ҳаётига жиддий хавф солишингиз ёки умрига зомин бўлишингиз мумкин эди, – деди.
Шу воқеадан сўнг ҳайдовчи ҳар гал А.Навоий кўчасидан ўтар экан, Элдорни кўрса, миннатдорлик билан салом берадиган бўлган. Бу эса инспектор учун энг катта мукофот. Зеро, у яна бир одамнинг йўлларда ҳаракатланиш маданиятини оширишга муваффақ бўлди.
Маҳлиё ХОЛОВА,
ўз мухбиримиз.
Навоий вилояти.
