Эртакдаги бир чўпон зерикканидан оломонни: “Қўйимга бўри тегди, шўрим қуриди”, дея ёлғондан алдаган экан. Унга ишонган оломон нафратланиб, қарғаб кетган экан. Бироқ бир куни... Чўпоннинг шўри ҳақиқатан қуриди. Унинг қўйларини бўрилар талаб кетди. Унга ҳеч ким ёрдам қўлини чўзмади. 

Абдусалом ҳам ана шу йўлни танлади. У ёлғон гапириб, ундан-бундан қарз оларди. Қарзни тўлашни эса... хаёлига келтирмасди. Қарз берганлар қўли билан бериб, оёғи билан югуриб зўрға оларди. Ўшанда ҳам ҳаммасини эмас, қисман унга хайр-худойи қилишарди...

– Жўра, яхшимисан, – дея бир куни Қобилникига келди. – Биласанми, сенинг олдингда қарздорман. Бироқ қўлим калталик қиляпти. Яна бир ёрдам қил. Онам тўсатдан касал бўлиб қолдилар. Жўражон, озроқ қарз бериб турсанг.

Қобилнинг жаҳли чиқди:

– Ўзим ҳам бир тийинга зор бўлиб турибман. Яхшиси, олдинги қарзингни қайтар.

– Бераман. Онам касал бўлиб қолди. Шунга ёрдам қўлини чўз. Дўхтир “дорини тез топиб келмасангиз бўлмайди”, деди.

– Иложим йўқ, Абдусалом. Бўлса, жоним билан. 

Абдусалом у дўстининг олдига рангини сариқ қилиб борди. Бу дўстининг эшигини қоқди. Ҳеч ким унга қарз бермади. Шундай қилиб, у кунни тун қилди. Эртасига эса...

Эртасига унинг уйидан йиғи товуши келди. У онасидан айрилиб қолди. Ёлғоннинг баҳоси қимматга тушди...

Қиссадан ҳисса шуки, бир-биримизни ҳеч қачон алдамайлик. Ёлғон гапириб, дилимизни оғритмайлик. Қарзларимизни ўз вақтида қайтарайлик. Акс ҳолда...                         

Мирзоқул АҲАДОВ,

“Постда” мухбири.

Бухоро вилояти.