2024-йил 11-январда Гулистон буюм бозорида ёлғиз юрган етти ёшли бола топилди.
Сирдарё вилояти ИИБ ЖХХ ЖЦБ ППХ баталъони сафдори Ҳамидулла Исматов хизмат вазифасини ўтар экан, бозорда ёлғиз йиғлаб юрган болакайга кўзи тушди. Болани юпатиб, ундан онасини излаб юрганини билгач, маълумотларни аниқлашга киришди. Унинг ёши еттидалиги, Ховосда яшаши маълум бўлгач, зудлик бу ҳақида рация орқали ҳамкасблари ва бозор маъмуриятига хабар берди.
Қарийб бир соат давом этган суриштирувлар натижасида бозорнинг оёқ кийимлар растаси қисмида ўз боласини излаб юрган аёл аниқланди. Маълум бўлишича, Ховос тумани, «Ховособод» маҳалласида яшовчи Н.К. исмли ушбу аёл ўғли билан бозор-ўчар қилиш учун Гулистон шаҳрига келган. Савдо қилаётиб, фарзандини кўздан қочирган. Ўйноқи бола пештахталардаги буюмларни томоша қилиб, онасидан қолиб кетганини сезмай қолган...
Сафдор Ҳамидулла Исматовнинг ҳушёрлиги эвазига бола соғ-саломат онасининг қўлига топширилди.
Ўз мухбиримиз.
Сирдарё вилояти.
