Қарши шаҳридаги “Ёшлар маркази”да Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири матбуот котиби, полковник Шохруҳ Ғиёсов вилоятда фаолият кўрсатувчи журналистлар, блогерлар ва ижтимоий тармоқ фаоллари билан очиқ мулоқот ўтказди. 

Унда журналист ва блогерлар жамиятда рўй бераётган жиноий ёки маъмурий ҳуқуқбузарликлар ва бошқа воқеа-ҳодисалар ҳақида сўровлар асосида тизимнинг фақат ахборот хизматлари орқали аниқ маълумот олиши мумкинлиги айтиб ўтилди. Жамиятда рўй бераётган жиноятлар ёки ҳуқуқбузарликларга оид маълумотларнинг тўғрилигини текшириб, кейин эълон қилиш нафақат ахборот тарқатувчи, балки ҳар қандай шахс, шу жумладан, журналистлар ва блогерларнинг ҳам мажбуриятларидан бири ҳисобланиши таъкидланди. Шу боис журналистлар, блогерлар ва ижтимоий тармоқ фаолларидан берилаётган хабар, видеолавҳа ёки мақоланинг ҳаққонийлигини текшириш, фойдаланувчиларга аниқ ва тўғри хабарни етказиш, ёлғон хабар билан оммани чалғитмаслик учун ички ишлар органлари билан боғлиқ ҳар қандай ҳолатларни тизимнинг ахборот хизмати билан боғланган ҳолда эълон қилиш мақсадга мувофиқлиги билдирилди. 

Очиқ мулоқотда маҳаллий блогер ва журналистларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берилиб, келгусидаги ҳамкорлик масалалари келишиб олинди.

Содиқ РАҲИМОВ,

“Постда” мухбири.

Қашқадарё вилояти.