Фарғона вилояти ИИБ бошлиғи, генерал-маёр Азизбек Икрамов ўзига бириктирилган ёшлар билан мунтазам равишда учрашув ва мулоқотлар ташкил этиб, уларнинг орзу-интилишларига қанот бағишламоқда.
Қўқон давлат университетида ташкил этилган навбатдаги “Генерал ва ёшлар учрашуви” ҳам ана шундай эзгу мақсадларни ўзида мужассам этгани ғоят аҳамиятли бўлди.
Учрашув аввалида олийгоҳ ҳовлисида ҳарбий техникалар намойиши ташкил этилди. Миллий ҳунармандчилик наъмуналари кўргазмаси ҳам йиғилганларнинг эътиборини жалб этди. Тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбар отряди ходимларининг кўргазмали чиқишлари эса ёшларнинг ҳайрат ва ҳаяжонига сабаб бўлди.
Самимий руҳда ўтган учрашувда сектор раҳбари ёшлар билан дилдан суҳбатлашиб, ўзининг оталарча маслаҳатларини берди. Мулоқот давомида уларнинг мурожаатларини ҳам тинглади. Эътиборлиси шундаки, билдирилган айрим мурожаатлар шу ернинг ўзидаёқ ижобий хал этилди. Тадбир жараёнида бир гуруҳ фаол ва ижодкор ёшлар бошқарма бошлиғи томонидан муносиб тақдирланди.
Шу куни учрашувда иштирок этган ёшлар учун Худоёрхон музейига саёҳат ҳам ташкилланди. Келажагимиз ворислари тарихий экспонатларни кўздан кечириб, бир олам маънавий озуқа олдилар.
Абдувосит СИДИҚОВ,
ўз мухбиримиз.
Фарғона вилояти.
