Сўнгги пайтларда йўлларда ўз хизмат бурчини бажараётган ЙПХ инспекторларининг қонуний талабига бўйсунмай, уларга фаол қаршилик кўрасатадиган “шоввоз”ларнинг хурмача қилиқлари акс этган видеолар ижтимой тармоқларда тез-тез пайдо бўлмоқда.
Яқинда Қўқон шаҳрида ҳам худди шундай воқеа юз берган эди. Шаҳарнинг Фаробий кўчасида хизмат олиб бораётган ЙПХ ходими “тўхташ тақиқланади” белгиси бор жойга қўйиб кетилган “Нексия-2” русумли автомашина ҳайдовчисидан ҳужжатларини сўраб, содир этган қоидабузарлиги учун маъмурий баённома расмийлаштирмоқчи бўлганида ҳайдовчи ходимга фаол қаршилиб кўрсатиб, уни автомашинасида судраб кетади. Тахминан 50-100 метрлар масофага судраб боргач, ходим ерга йиқилиб, тан жароҳати олади.
Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тўпланган материаллар ҳайдовчига нисбатан қонуний чора кўриш учун жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судига тақдим этилган эди. Одил суд жиноят материалларини атрофлича кўриб чиқиб, ҳайдовчига нисбатан бир йилу олти ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлашга қарор қилди ва ҳукм чиқарди.
ЙПХ ходимини ўз автомобилида судраб кетган ҳайдовчи бугун қилмишидан пушаймон. Унинг афсус ва надоматлари бошқаларни огоҳликка чақирса ажаб эмас.
Абдувосит СИДИҚОВ,
“Постда” мухбири.
Фарғона вилояти.
