Шофиркон тумани “Денов” маҳалла фуқаролар йиғини профилактика катта инспектори, капитан Иброҳим Аъзамовнинг касбига садоқати ва зиммасидаги вазифаларга муносабатини кўпчиликка ибрат қилса арзийди. У 2017 йилдан бери ички ишлар органларда, қарийб икки йилдан ошиқроқ эгаллаб турган лавозимида фаолият кўрсатиб келмоқда. Ўтган йил давомида эришган ютуқларидан асосийси маҳалладаги тиллафурушларнинг 46 та ноқонуний фаолиятига чек қўйди. 

Капитан И.Аъзамов нафақат ўз ҳудудида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка қарши курашишда, балки туман миқёсида ўтказиб келинаётган профилактик тарғибот тадбирларида ҳам фаол иштирок этяпти. Биргина мисол, қўшни “Дўрмон” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Ҳ.Х. илгари ўғрилик жиноятини содир этиб, яшириниб юрганди. Ушбу шахс яширинган манзилни аниқлаган лавҳамиз қаҳрамони ҳудудий профилактика инспектори, маёр Н.Мирзаэв билан ўша хонадонга боришади. Уй соҳиби билан олиб борилган профилактик суҳбат жараёнида у Ҳ.Х. яширинган жойни кўрсатади. Шундай қилиб, қидирувдаги шахс ушланади. 

  Қисқаси, халқ хизматида бўлишни шараф деб билган капитан И.Аъзамов унинг юксак ишончига сазовор бўлмоқда.

Мирзоқул АҲАДОВ,

ўз мухбиримиз.

Бухоро вилояти.