ИИВ Фарғона академик лицейида унутилмас байрам тадбири бўлиб ўтди.

Синовлардан муваффақиятли ўтиб, академик лицей ўқувчиси бўлган 220 нафар йигит-қиз қўлларида гулдаста ва юракларда ҳаяжон билан таълим даргоҳига кириб келдилар.

Уларни қутлаш учун Фарғона вилояти ИИБ раҳбарлари, фахрийлар, ота-оналар ҳам муассасада ҳозир бўлишди.

Тадбирда Фарғона вилояти ИИБ бошлиғининг ўринбосари, Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш бошқармаси бошлиғи, полковник Файзулла Ортиқбоев ҳамда академик лицей директори, подполковник Жаҳонгир Казимов сўзга чиқиб, ёшларга самимий тилакларини изҳор этдилар.

Таъкидланганидек, лицейда келажагимиз эгаларининг пухта билим олиши учун барча шароитлар муҳайё қилинган. Замонавий ўқув ва тўгарак хоналари, кутубхона, спорт зали, ошхона, ётоқхона ўқувчилар ихтиёрида.

– Энди сизлардан фақатгина бир нарса талаб қилинади, – деди сўзга чиққанлар. – Яратилган шароитлардан унумли фойдаланиб, пухта билим олишингиз керак.

Тадбирда ота-оналар, лицейга янги қабул қилинган ёшлар ҳам сўзга чиқиб, самимий дил сўзларини билдиришди.

Абдувосит СИДИҚОВ,

“Постда” мухбири.

Фарғона вилояти.