Бугун фуқароларнинг муаммоларига ечим топиш, аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш сектор раҳбарлари зиммасидаги муҳим вазифа ҳисобланади. Қизилтепа туманида вилоятнинг 3-сектор раҳбари томонидан ўтказилган навбатдаги сайёр қабул чоғида ҳам аҳолининг кўплаб муаммолари ҳал этилди. 

Жумладан, туманнинг “Работ” маҳалласида ўтказилган учрашувда 20 нафардан ортиқ фуқаронинг мурожаати кўриб чиқилди. Мазкур маҳаллада истиқомат қилаётган Қурбоной Эшонқулова оиланинг моддий шароити оғирлиги туфайли набираси Мафтуна Тўраеванинг олий таълим муассасасига шартнома пулини тўлашда қийналаётгани сабабли амалий ёрдам сўради. Унинг мурожаати Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими билан ҳамкорликда ҳал этилди. 

Шунингдек, мазкур маҳаллада яшовчи Шариф Йўлдошев “Артезиан қудуқ ковланса, маҳалла аҳлининг сувга бўлган эҳтиёжи қондириларди”, – деди. Унинг ҳам таклифи туманнинг 3-сектор мутасаддилари ҳамда фермерлар уюшмаси билан ҳамкорликда амалга ошириладиган бўлди – артезиан қудуқ қазиш ишлари бошлаб юборилди. 

Учрашув якунида, вилоятнинг 3-сектор раҳбари масъул ходимларга мурожаатлар юзасидан ҳамкорликда иш олиб бориб, муаммоларни ижобий ҳал этиш, бу борада зиммасига юклатилган вазифаларни ҳозирги кун талабидан келиб чиққан ҳолда, виждонан бажариш лозимлиги юзасидан кўрсатмалар берди.

Маҳлиё ХОЛОВА,

“Постда” мухбири.

Навоий вилояти