– Болаликдан шусоҳага иштиёқим кулчли бўлгани сабабли ИИВ 1-сонли Тошкент академик лицейини тамомлаганман, – дейди лавҳамиз қаҳрамони. Қолаверса, хорижий тилларни ўрганишга қизиқаман. Бу соҳа сирларини пухта ўзлаштиришим, айниқса, хорижий тажрибани ўрганишимда жуда зарур, деб ўйламан.
Ҳа, бугуннинг ёшлари замон билан ҳамқадам бўлишга, танлаган йўналишига қараб интеллектуал салоҳиятини илғор тажрибалар билан бойитишга интилади. Зиёдахон бу борада назарий ва амалий томондан ҳаракатни бошлаб юборган. У Академияда ўқув жараёнларида спорт, ахборот технологиялари, тилларни ўрганиш сингари йўналишлардаги «Олтин элликталик»ка кирган курсантлардан. Яъни, у учувчисиз учадиган қурилмалар (дрон)ни бошқариш бўйича алоҳида ўқиб-ўрганмоқда.
–Зиёдахон Ёқубова эксперт-криминалистика йўналишида таҳсил оляпти. Дарс жараёнида жиноят ишини очишда унга алоқадор изларни ўта синчковлик билан текширишдек энг муҳим жиҳатни тўлиқ ўзлаштиришга ҳаракат қилади, – дейди Академия кафедра катта ўқитувчиси, капитан Фурқат Собиров. – Айниқса, далилларнинг тегишлилик даражасини аниқлашда атрофлича мулоҳаза юритиб, ўз фикрларини курсдошлари билан ҳам бўлишади. Бу унинг мустақил фикр юритиши ва келажакда ўз йўналишида зукко ходима бўлишида асқатади, албатта.
Мағзи тўқ фикр ҳамда асосли мушоҳада тинимсиз ўқиб-ўрганиш ва ўзлаштирган билимларини таҳлил этиш қобилияти асосида юзага чиқади. Лавҳамиз қаҳрамони «Заковат» интеллектуал ўйинларининг ИИВ Академиясидаги беллашувларининг фаол иштирокчи. Шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг олий ўқув юртлари курсантлари ўртасида ўтказилган фан олимпиадаларида жамоавий совринли ўринларни қўлга киритиб, «Темур тузуклари» мусобақасида биринчи ўринни эгаллаган.
Зиёдахон ўзига нисбатан талабчан қиз, бироқ якка ўзи етакчиликка интилмайди. Устозлари, тенгдошларидан билмаганларини сўрашга тортинмайди. Унга, кези келганда, ички ишлар органлари тизимида узоқ йиллар намунали хизмат қилган бобоси, истеъфодаги полковник Мақсад Ёқубов ҳамда отаси, полковник Хуршид Ёқубов энг яқин маслаҳатчидир. Ўз ўрнида таъкидлаш жоизки, қаҳрамонимизнинг шарафли йўлда азм-у шижоат билан давом этиб, зеҳн қўйган касбида камолотга эришишига ишончимиз комил.
Гулноза ТУРҒУНБОЕВА,
ўз мухбиримиз.
