Вилоят ИИБ бошлиғининг ўринбосари – Жамоат хавфсизлиги хизмати бошлиғи, подполковник Ж.Болтаев бошчилигида вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Ф.Қурбонов ҳамда қатор масъуллар иштирокида соҳа ходимлари ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг барвақт олдини олишга доир амалга оширилаётган профилактик тадбирлар танқидий-таҳлилий муҳокама қилинди. Унда таълим-тарбия сифатини ошириш ҳамда тизим мутасаддиларининг масъулияти, жавобгарлиги ва ҳисобдорлиги механизмларига оид фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Йиғилишда жорий йилнинг 5 ойи давомида вилоятда таълим соҳасида вояга етмаган ўқувчилар иштирокида 60 та ҳамда тизимда фаолият олиб бораётган ходимлар томонидан 26 та жиноят ҳолатлари содир этилгани қаттиқ танқид остига олинди. Шунингдек, соҳа ходимлари ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда содир этилган жиноятларнинг сабаб ва омиллари хусусида маъруза қилиниб, йиғилганларга фирибгарлик, ўғирлик, кибержиноятчилик қурбонига айланиб қолмаслик ҳамда йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга доир тушунтиришлар берилди.
Учрашув давомида коррупция таълим-тарбия тизими учун энг катта хавф ва биринчи рақамли душман эканлиги алоҳида таъкидланиб, тамагирлик, порахўрлик, товламачилик ва фирибгарлик ҳамда бошқа шу турдаги коррупцион жиноятлар, уларнинг ҳуқуқий оқибатлари, жиноят содир этган шахсларга нисбатан қўлланиладиган жазо чоралари тўғрисида батафсил маълумотлар ҳам берилди. Тизимда коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш борасида ҳамжиҳатликда курашиш ва бу каби ҳолатларга дуч келинганда тегишли ҳуқуқ-тартибот идоралари билан узвий ҳамкорликни йўлга қўйишнинг соддалаштирилган тизимини яратиш юзасидан топшириқ ва кўрсатмалар тақдим қилинди. Жиноятларнинг бу каби муҳокамалари вилоятнинг бошқа соҳаларида ИИБ бошлиғининг ўринбосарлари иштирокида давом эттирилмоқда.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати.
