Қорақалпоқ халқида «ёшлигимизда бер меҳнат, қариганда бер давлат» деган нақл бор. Бу нақл бугун табаррук 96 ёшни қарши олаётган меҳнат фронти фахрийси Раушан момо Самарканованинг ҳаёт йўлини тўла ифода этиб тургандек гўё. Чунки унинг болалик пайти суронли Иккинчи жаҳон уруши йилларига тўғри келди. У барча қийинчиликларни катталар қатори матонат билан енгиб ўтди. Ҳозир эса 15 нафар набира ва 10 нафар эваранинг суюкли бувиси бўлиб, қарилик гаштини сурмоқда.
Онахон 1930 йили Қўнғирот туманининг «Қизил деҳқон» жамоа хўжалиги 5-овулида дунёга келган. Қирғинбарот уруш бошланганида бошланғич синфда ўқиб юрганди. Овулдаги аксар эркаклар фронтга сафарбар этилди. Отаси Самаркан Науризов эса саломатлиги ёмонлиги туфайли 1942 йили меҳнат фронти баталонига чақирилиб, узоқ Челябинск шаҳридаги танк заводида, шахталарда ишлашига тўғри келади. Оилада Раушан ойиси ва укаси Жақсилик билан бирга қолади.
– Ҳамон ёдимда, эрталаб мактабга борардик. Бир-икки соат дарсдан сўнг барча ўқувчилар қишлоқ хўжалиги ишларига жалб этиларди, – дейди у. – Катталар бизга ғалабага эришсакгина тинч-тотув ҳаёт тикланиши, оталаримиз қайтиб келиши, тўйиб овқат ейишимиз, бемалол ўқишимиз мумкинлигини тушунтирарди. Менимча, ана шу сўзлар болаларга чидам, куч-ғайрат ато этган бўлса керак.
Ўша йиллари тез-тез дарё тошиб турарди. Шундай пайтлари мактаб ўқувчилари ҳам сувни тўсиш учун ёрдамга чиқарди. Биз кичкиналар бир қатор бўлиб тизилиб турардик, қўлимиздаги матога бир белкуракдан тупроқ солишарди (ундан ортиғини кўтара олмасдик ҳам), шуни дамба тепасига олиб чиқишимиз керак эди. Бу машаққатли иш сув олди тўсиғи тайёр бўлгунича давом этарди.
1943 йили дарё ҳаддан ташқари тошиб, туманимизнинг айрим ҳудудлари, шу қатори бизнинг овулимиз ҳам сув остида қолди. Аҳоли бошқа жойга кўчиб ўтди.
У ерда уй солиш учун имкон ҳам, вақт ҳам етмасди. Шу боисдан 2 йил ертўлада яшашга мажбур бўлганмиз. Кечаси ухлашга ётганимизда ертўла шифтида илон ёки чаённи кўриб, қўрққанимиздан ойимизнинг пинжига тиқилиб йиғлаганларимиз ҳамон ёдимда. Уруш тамом бўлиб, отамиз қайтиб келганидан сўнггина, у қурган уйга кўчиб ўтганмиз.
– Ўша даврда илғор ишчилар ҳаракати бўларди. Тер тўкиб қилган меҳнатларим туфайли мен ҳам
14–15 ёшларимдаёқ улар қаторидан ўрин олдим. Берилган нормани ортиғи билан бажарганим учун фахрий ёрлиқ беришган, мато, озиқ-овқат маҳсулотлари билан мукофотлашган. Ҳозир шу даврлар эсимга тушса, ёш бошимизга шунча ишни қандай уддалаганмиз деб ҳайрон қоламан. Тилагим: шундай оғир ва мусибатли кунлар ҳеч қачон қайтиб келмасин. Бугунги тинч-осойишта, фаровон кунларимизга, юртимизнинг ободлигига кўз тегмасин, – дейди Раушан момо.
1947 йилда у ички ишлар органи ходими бўлган Кудайберген Мўминов билан турмуш қуради. Онахоннинг умр йўлдоши
1962–1983 йиллар давомида ёнғин хавфсизлиги бошқармаси бошлиғининг ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатиб, подполковник унвонида пенсияга чиқади ва 2002 йилда вафот этади.
Иккиси биргаликда уч фарзандни тарбиялаб вояга етказади. Қизлари Роза ва Жақсибийке жамиятимизнинг турли соҳаларида фаолият олиб бориб, ҳозир пенсияда. Ўғли Сабит Мўминов эса ота йўлини давом эттириб, 1987–2007 йилларда ички ишлар органларида хизмат қилиб, подполковник унвонида пенсияга чиққан.
Азамат ПИРНИЯЗОВ,
ўз мухбиримиз.
Қорақалпоғистон Республикаси.
