Мамлакатимизнинг тақдири ва келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга, бу йўлда бор билим ва салоҳиятини сафарбар этишга қодир бўлган, азм-у шижоатли ёшларни тарбиялаб вояга етказиш – биз учун энг муҳим масаладир.
Шавкат МИРЗИЁЕВ
Жамиятнинг эртанги куни, порлоқ истиқболи ва барқарор тараққиёти унда вояга етаётган ёш авлоднинг ҳар томонлама баркамоллигига бевосита боғлиқ. Шу боис бугунги кунда уларнинг нафақат маънавий-ахлоқий жиҳатдан камол топиши, балки замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаши, интеллектуал салоҳиятини юксалтириши, шунингдек, жисмонан соғлом ва бақувват бўлиб вояга етиши устувор вазифага айланган. Ҳар биримиз учун муқаддас қўрғон ҳисобланмиш оилага, унинг мустаҳкамлиги ва фарзандларимизнинг чуқур билим-у ҳунарли, ватанпарвар ва маънавиятли инсонлар бўлиб улғайишига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда. Ота-она – оиланинг мустаҳкам устунлари, фарзандлар эса унинг кўз қорачиғидек асраб-авайланадиган энг ширин мевасидир. Фарзандлар ниҳоятда кузатувчан, зийрак ва тақлидчи бўлишади. Улар оилада катталарнинг барча ижобий ҳамда салбий хатти-ҳаракатларини ўзига сингдириб боради. Оилавий муносабатлардаги совуққонлик, меҳрсизлик ёки эр-хотин ўртасидаги доимий келишмовчиликлар боланинг руҳиятига салбий таъсир кўрсатиб, уни тажанг, жиззаки ва ўзбошимча қилиб қўйиши мумкин. Натижада бундай руҳий зўриқиш ва назорацизлик остида қолган ёшлар турли салбий таъсирлар, ёт ғоялар ҳамда жамият учун хавфли бўлган залолат йўлидаги кимсаларнинг ўлжасига айланиб қолиши ҳеч гап эмас. Ана шундай нозик ва масъулиятли паллада оила қўрғонини мустаҳкамлаш, фарзандлар қалбига меҳр ва эзгулик уруғини сингдиришда бобо ва бувиларнинг ҳам ўрни беқиёс. Улар бой ҳаётий тажрибаси, эртак, матал ва ҳикоялари орқали набираларга миллий қадриятларни сингдириб, ўзлигини англашида муҳим кўприк вазифасини бажаради. Шу нингдек, ота-оналар иш ва рўзғор ташвишлари билан банд ёки баъзан муаммолар ичида қолган пайтда фарзандларга чексиз меҳр ва қалб ҳароратини бахш этиб, уларга маънавий суянч бўлади. Замонавий илм-фан ва педагогика тадқиқотлари шуни кўрсатадики, инсон мияси тахминан 1,4 миллиард ҳужайрадан иборат бўлиб, чақалоқ дунёга келганда уларнинг аксарияти ҳали тўлиқ шаклланмаган бўлади. Мия ҳужайралари дастлаб алоҳида, тарқоқ ҳолда жойлашади. Бироқ бола улғайган сари, улар ўртасида ўзаро боғловчи мустаҳкам ришталар пайдо бўла бошлайди. Статистик маълумотларга кўра, туғилгандан кейинги биринчи олти ой мобайнидаёқ миянинг салоҳияти 50 фоизга, уч ёшгача эса 80 фоизга етади. Бу эса боланинг ривожланиши ўз ҳолича кечмаслигини яққол кўрсатади. Ушбу муҳим даврда миядаги ҳужайралар шунчаки боғланишлар ҳосил қилмаслиги, келгусида чиройли мева бериши учун болага кичик ёшидан онгли равишда, пухта таълим-тарбия бериш ғоят аҳамиятлидир. Бугунги тезкор замон фарзанд тарбиясига ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмаяпти. Мутахассисларнинг кузатувларига кўра, ота-оналар сутканинг бор-йўғи бир ярим соатини фарзандига ажратаркан, холос. Қолган вақт эса кундалик турмуш ташвишлари, иш ва рўзғор юмушлари билан ўтиб кетади. Хўш, шу қисқагина вақт ҳам қандай мақсадларда сарфланмоқда? Тўғри, ҳар бир ота-она «Боламнинг қорни тўқ, усти бут бўлсин», дея тонг саҳардан кечгача тиним билмайди. Аммо, афсуски, моддий таъминотга берилиб, боланинг маънавий ва руҳий тарбиясига кам эътибор қаратаётганимиз ҳам бор гап.
Айтайлик, тарбияни энг оддий фазилат бўлмиш ростгўйлик мисолида кўрайлик. Болага қуруқ насиҳат қилиб, ёлғондан ҳазар қилишни уқтиришнинг ўзигина етмайди. Гоҳида катталарнинг ўзлари билмаган ҳолда фарзандини кичиклигидан алдовга ўргатиб қўяётгани кишини ўйлантиради. Масалан, ота уй телефони ёки эшик қўнғироғига жавоб берганда, «Фалончи сўраса, уйда йўқ, деб айт!» дея тайинлаш билан болага нимани ўргатади?! Афсуски, бу каби майда ёлғонлар аллақачон кундалик турмушимизнинг оддий бир қисмига айланиб улгурди. Эртага фарзандимизнинг алдовларидан бошимизга ташвиш тушганда, биринчи навбатда, бу «уруғ»ни ким эккани ҳақида бир лаҳза ўйлаб кўришимиз керак эмасмикан? Шу боис, болани ёшлигидан ростгўйликка ўргатиш билан бирга, унга омонатга хиёнат қилмаслик, ҳар бир сўз ва ишда масъулиятли бўлишнинг мазмунини амалда сингдириб бориш зарур.
Ахборот технологиялари ривожланаётган бугунги даврда ёшларимизнинг турли гаджетлар таъсирига ҳаддан ташқари боғланиб қолиши ҳар қачонгидан ҳам долзарб муаммо бўлиб турибди. Назорациз қолган ёшлар интернетдаги ёт ғоялар ва «оммавий маданият» унсурлари қурбонига айланиши мумкин. Шу боис ота-оналар фарзандларининг кимлар билан дўстлашаётгани, мактабдаги ўқиши ва бўш вақти қандай ўтказаётгани ва интернетдан қандай мақсадларда фойдаланаётганидан доимо хабардор бўлишлари шарт. Ана шундай хатарларнинг олдини олишда ва фарзанднинг маънавий камолоти ҳамда тафаккурини тўғри шакллантиришда китобнинг ўрни беқиёсдир. Ҳар куни қўлига телефон ёки планшет олиб, телевизор қаршисида вақт ўтказаётган боланинг дунёқараши ҳам шунга яраша бўлиб қолиши табиий. Аммо китоб ўқиб улғайган, мутолаага меҳр қўйган фарзанднинг фикрлаш доираси, зеҳни ва билим савияси тенгдошларидан анча устун туради. Вақтини беҳуда рақамли ўйинлар ва ижтимоий тармоқларда совураётганлар эмас, балки айнан китобга дўст бўлиб, илм чўққиларини забт этган зукко ва иродали ёшлар келажакда жамиятни, катта жамоалар ҳамда замонавий лойиҳаларни ишонч билан бошқарадиган инсонлар бўлиб етишади.
Фарзандлар камолоти ва келажагимиз билан боғлиқ бундай эзгу саъй-ҳаракатлар мамлакатимизда Бош қомусимиз ва бола ҳуқуқларига оид кўплаб қонун ҳужжатлари билан мустаҳкамлаб қўйилган. Жумладан, «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги алоҳида қонун ҳам қабул қилинган бўлиб, улар ёшларнинг таълим олиши, ижтимоий ҳимояси ва баркамол бўлиб вояга етишига хизмат қилмоқда.
Хусусан, Конституциямизнинг 78-моддасида қуйидаги муҳим қоидалар белгилаб қўйилган: «Фарзандлар ота-онасининг насл-насаби ва фуқаролик ҳолатидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар. Боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун энг яхши шарт-шароитларни яратиш давлатнинг мажбуриятидир. Оналик, оталик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилинади. Давлат ва жамият болаларда ҳамда ёшларда миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқликни, мамлакатидан ҳамда халқнинг бой маданий меросидан фахрланишни, ватанпарварлик ва Ватанга бўлган меҳр-муҳаббат туйғуларини шакллантириш тўғрисида ғамхўрлик қилади».
Турмуш ташвишларини элкама-элка энгиб ўтаётган эр-хотиннинг бир-бирига елкадош бўлиши, ҳурматини жойига қўйиши фарзандлар учун чинакам ҳаёт мактабидир. Оилада она меҳр булоғи бўлса, отанинг адолатли ва қатъиятлилиги болани масъулиятга ўргатади. Фарзанд насиҳатни унутиши мумкин, аммо кўз ўнгидаги ҳаётий ибратни ҳеч қачон ёдидан чиқармайди. Буюк мутафаккир шоиримиз Алишер Навоий айтганидек: «Адаб кичик ёшлиғларни улуғлар дуосиға сазовор этар». Катталарнинг ҳурматини жойига қўйиб, уларнинг дуосини олиб улғайган ёшлар ҳеч қачон кам бўлмайди. Зеро, фарзанд тарбияси фақат оиланинг эмас, бутун жамиятнинг келажагини белгилайдиган улуғ масъулиятдир.
Сарвар СОБИРОВ, журналист.