Шундай касб эгалари борки, уларнинг меҳнатисиз ҳеч бир жамият, ҳеч бир тараққиёт ва келажакни тасаввур қилиб бўлмайди. Бу — ўқитувчилик касби, устозлик шарафидир. Зеро, инсоният тарихида эришилган ҳар бир ютуқ, кашфиёт ва муваффақият замирида устоз-муаллимнинг кўз нури, машаққатли меҳнати ва фидойилиги ётади. Муваффақиятга эришаётган ҳар бир шахс ортида, албатта, унинг қўлидан тутиб тўғри йўлга бошлаган фидойи устоз сиймоси гавдаланади.

Муаллим — фақат билим берувчи шахс эмас, балки инсон қалбини эзгулик, маърифат ва юксак ахлоқ билан бойитувчи асл меъмор. Ўқитувчилик — шунчаки касб эмас, балки юксак масъулият ва сабр-тоқатни талаб этадиган шарафли вазифа.

Устоз том маънода қалб меъмори, келажак бунёдкоридир. Меъмор хомашёдан, оддий ғишт ва тупроқдан муҳташам ва гўзал бинолар барпо этгани каби, устоз ҳам ҳаётда тажрибасиз бола қалбига эзгулик уруғларини қадаб, билимли, салоҳиятли ва маънавиятли инсонни шакллантиради. Бола дунёни илк бор мактаб остонасида, устозининг меҳр тўла кўзлари, самимий сўзлари орқали танийди. Бирор бир муҳташам иморат мустаҳкам пойдеворсиз қад ростлай олмаганидек, инсоннинг фикрати ҳам, фитрати ҳам устоз берган тарбиясиз гўзал бўла олмайди.

Миллатнинг, давлатнинг, халқнинг эртанги куни бугунги кунда мактабда дарс тинглаётган, олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ёшларнинг қўлида. Уларни қандай инсон, қандай мутахассис қилиб тарбиялаш эса бевосита устознинг маҳорати, фидойилиги ва билимига боғлиқ. Бугун устоз берган билим туфайли эртага жамиятда етук шифокорлар, закий олимлар, қонун устуворлигини таъминловчи ҳуқуқшунослар, юртни обод қилувчи муҳандислар етишиб чиқади. Шу маънода, ўқитувчи ўз синфхонасида ўтириб, бутун бир миллатнинг, давлатнинг эртанги кунини, келажагини бунёд этади.

Умумбашарий тараққиётга улкан ҳисса қўшган улуғ алломаларимиз ўз устозларини кўкларга кўтаришган, уларга юксак эҳтиром кўрсатган. Хусусан, буюк мунажжим ва давлат арбоби Мирзо Улуғбек Қозизода Румийга бўлган чексиз ҳурмати туфайли устози унинг қабри устига мақбара қурдириб, унинг илмдаги хизматларини юксак қадрлаган.

Сўз мулкининг султони Алишер Навоий эса устоз мақомини шундай таърифлайди:

Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила,
Айламоқ осон эмас ҳаққин адо минг ганж ила.

Бу мисралардан англашиладики, кишига бир ҳарф ўргатган устознинг ҳаққини ҳеч қандай моддий бойлик билан адо этиб бўлмайди. Зеро, устознинг қалбдан чиққан бир сўзи — умр йўлига чироқ, берган ҳар сабоғи — тақдирнинг йўл харитаси, билдирган ишончи эса шогирдлар учун қанот. Шу боис ҳам муаллимнинг меҳнатини улуғлаш, жамиятда ўқитувчи мақоми ва обрўсини юксалтириш буюк истиқболга қўйилган мустаҳкам заминдир.

Бугунги кунда мамлакатимизда устоз ва мураббийларнинг жамиятдаги нуфузини ошириш ҳамда уларнинг машаққатли меҳнатини муносиб қадрлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.

Энг аввало, бу эзгу мақсад янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 52-моддасида мустаҳкамланди. Унга кўра: «Давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилади».

Шунингдек, 2024-йил 1-февралдан кучга кирган «Педагогнинг мақоми тўғрисида»ги қонун педагогларнинг ҳуқуқлари, шаъни ва ишчанлик обрўси давлат ҳимоясида эканини яна бир бор ҳуқуқий жиҳатдан кафолатлади. Эътиборлиси, мазкур қонун билан ўқитувчининг касбий фаолиятига аралашиш, уни асоссиз текшириш ёки хизмат вазифасини бажаришига тўсқинлик қилиш тақиқланди. Педагогни маъмурий тарзда мажбурлаш ҳам қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлиши мустаҳкамланди.

Соҳадаги ислоҳотларнинг узвий давоми сифатида 2025-йилда ўқитувчи ва мураббийларнинг касбий маҳоратини эътироф этиш ҳамда оммалаштиришга қаратилган янги механизмлар йўлга қўйилди. Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига асосан, умумий ўрта таълим соҳаси ходимлари ўртасида «Йил ўқитувчиси» ҳамда «Касбий маҳорат етакчиси» танловларини ўтказиш тартиби белгиланди. Бундан кўзланган асосий мақсад — ёшларни баркамол шахс этиб тарбиялашга муносиб ҳисса қўшаётган, ўқув-тарбия жараёнида юқори натижаларга эришаётган педагогларни аниқлаш ва уларни муносиб рағбатлантиришдир.

Бу каби ҳуқуқий ва амалий меъёрлар сўнгги йилларда республикамизда устоз шахсига муносабат тубдан ўзгарганини кўрсатади. Эндиликда педагогга фақат таълим берувчи ходим эмас, балки ҳуқуқлари давлат томонидан кафолатланган, алоҳида касбий мақомга эга бўлган эътиборли шахс сифатида қаралмоқда.

Ҳар йили 1-октабр — Ўқитувчи ва мураббийлар кунининг мамлакатимизда кенг нишонланиши ҳам ушбу эҳтиромнинг ёрқин ифодасидир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев байрам муносабати билан ўтган йили устоз ва мураббийларга йўллаган табригида таълим соҳасини давлат сиёсатининг энг устувор йўналиши сифатида эътироф этиб, «бугунги ўқитувчи — эртанги давлатимизнинг қиёфасини белгилаб берувчи асосий шахс» эканини алоҳида таъкидлади. Давлатимиз раҳбари, шунингдек, ўқитувчилик касбининг мақоми ва нуфузини ошириш ҳал қилувчи масала эканини, соҳа ходимларининг меҳнат ва яшаш шароитини яхшилаш, бу касбни жамиятда энг муҳим ҳамда обрўли мутахассисликка айлантириш борасидаги ислоҳотлар изчил давом эттирилишини қайд этди.

Демак, бугун мамлакатимизда устоз ва мураббийларга қаратилаётган юксак эътиборни биргина соҳадаги ислоҳот сифатида эмас, балки жамиятнинг эртанги қиёфасини ва келажагини белгилаб берувчи муҳим стратегик вазифа сифатида баҳолаш лозим.

Хулоса қилиб айтганда, жамиятнинг маънавий қиёфаси, мамлакатнинг интеллектуал салоҳияти ва эртанги тараққиёти, энг аввало, таълим сифати ва ўқитувчининг меҳнати билан чамбарчас боғлиқ. Педагог мақомини мустаҳкамлаш, унинг жамиятдаги нуфузини ошириш, муносиб меҳнат ва ижодий фаолият учун зарур шароитларни яратиш — нафақат бугунги кун учун, балки мамлакатнинг барқарор ва фаровон эртаси учун киритилаётган энг қимматли сармоядир.