Давлат хизматчиси фуқароларнинг мурожаатларини тинглайди, муаммоларини ҳал этишда қатнашади, қонун ва давлат сиёсатининг амалий ижросини таъминлайди. Унинг ҳар бир қарори, муомаласи, масъулияти ва ишга муносабати давлат идорасининг обрўсига, имижига, фуқароларнинг давлатга бўлган ишончига таъсир қилади. Зеро, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 2-моддасида давлат халқ иродасини ифода этиши ва унинг манфаатларига хизмат қилиши, давлат органлари ҳамда мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъул эканлиги белгиланган. Шу боис давлат хизматининг марказида масъулият, халқ манфаатига дахлдор вазифа туради. Масъулиятни фақат топшириқни бажариш ёки белгиланган муддатга риоя қилиш билангина чеклаб бўлмайди. Ҳақиқий масъулият – ўз вазифасининг жамият ҳаётидаги аҳамиятини англаш. Замонавий давлат хизматчиси муаммонинг моҳиятини тушунишга, ўз ваколати доирасида унга ечим топишга ёки тегишли масъул ходимга йўналтиришга интилади.

Ўзбекистон Республикасининг 2022-йил 8-августдаги «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонунида давлат фуқаролик хизматчисининг Конституция, қонунлар ва бошқа ҳужжатларга риоя қилиши, хизмат мажбуриятларини виждонан бажариши, одоб-ахлоқ қоидаларига амал қилиши, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслиги ҳамда беғараз ва холис бўлиши каби мажбуриятлари тасдиқланган. Бу талаблар шунчаки ишлаб чиқилган ҳуқуқий меъёр эмас. Қонуннинг замирида оддий, аммо жуда муҳим савол мужассам: «Мен бугун ўз вазифамни ҳалол ва виждонан бажардимми?» Ана шу саволни ҳар куни ўзига бера олган ходимда касбий масъулият шаклланади.

Абдулла Авлоний «Туркий гулистон ёхуд ахлоқ» асарида инсон билимли бўлиши билан бирга, олган билимига амал қилиши зарурлигини таъкидлайди. Айниқса, Авлонийнинг интизом ҳақидаги қарашлари бугунги бошқарув учун аҳамиятлидир. Асарда ишни ўз вақтида, тартибли ва изчил бажариш тараққиётнинг муҳим шартларидан бири сифатида талқин қилинади:

Давлатни кони, манбайи тартиб-интизом,
Сарватни пойдори эрур иқтисоди том.
Муҳтожлиғ юзини кўрар деб гумон қилманг,
Тартиби бирла юрса, кишининг иши мудом.

Бу фикр бугунги давлат хизматчиси учун ҳам ниҳоятда долзарб. Қонунни билишнинг ўзи кифоя эмас – унга амал қилиш шарт. Хизмат одобини билишнинг ўзи етарли эмас – уни кундалик муомалада намоён этиш керак. Фуқарога хизмат қилиш зарурлигини англашнинг ўзи камлик қилади – буни амалий фаолият билан исботлаш лозим.

Замонавий бошқарувда давлат хизматчиси фақат юқоридан топшириқ кутиб ўтирадиган ижрочи эмас, балки муаммони олдиндан кўрадиган, ташаббускор, янгиликка интиладиган мутахассис бўлиши муҳим. Ташаббускорлик – қонунийлик, масъулият ва ваколат доирасидаги фаол ҳаракат билан уйғунлашгандагина ижобий натижа беради. Масалан, фуқароларнинг бир масала юзасидан кўп мурожаат қилаётганини кўрган ходим фақат мурожаатларни бирма-бир кўриб чиқиш билан чекланмай муаммонинг илдизини таҳлил қилиб, такрорий мурожаатларнинг олдини олиш бўйича таклиф киритиши мумкин. Демак, ташаббускор ходим «Менга нима топширилди?» деган савол билан бирга «Ишни қандай қилиб яхшироқ ташкил этиш мумкин?» деган саволни ҳам ўзига беради.

Иш жараёнида вазифа, масъулият, муддат ва натижа ўзаро боғлиқ. Натижадорлик – фуқарога кўрсатилган хизматнинг сифати, муаммонинг ечими, вақт ва маблағнинг оқилона сарфланиши, белгиланган мақсадга эришиш ҳамда жамият учун фойдали самара билан ўлчанади. Шу маънода замонавий давлат хизматчиси ўз фаолиятини «Мен қанча иш қилдим?» деган мезон билан эмас, «Менинг фаолиятим натижасида нима ўзгарди?» деган мезон билан баҳолай олиши керак.

Фуқароларнинг давлат хизматчиси ҳақида шаклланадиган тасаввури кўпинча давлат идорасидаги оддий бир учрашувдан бошланади. Фуқарони тинглаган ходимнинг гапириш оҳанги, муаммони тушунишга бўлган ҳаракати, мурожаатни кўриб чиқиш тезлиги – буларнинг барчаси давлат хизматининг инсоний қиёфасини намоён этади. Давлат фуқаролик хизматчиларининг одоб-ахлоқ қоидаларида қонунийлик, фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатларининг устуворлиги, ҳалоллик, холислик, давлат ва жамият манфаатларига содиқлик каби тамойиллар белгиланган. Шунингдек, ходимлардан фуқаролар билан хушмуомала, вазмин ва самимий муносабатда бўлиш, давлат хизматлари сифатини доимий равишда ошириб бориш талаб этилади. Шундай экан, давлат хизматчиси учун муомала маданияти шунчаки одоб масаласи эмас. У – касбий компетенсиянинг асоси.

Глобаллашув жараёнларида кеча олинган билим бугунги кун муаммоларини ҳал қилиш учун етарли бўлмаслиги мумкин. Рақамлаштириш, сунъий интеллект, янги бошқарув технологиялари, ҳуқуқий ислоҳотлар, очиқ маълумотлар ва электрон давлат хизматлари давлат хизматчисидан доимий равишда ўрганишни талаб қилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025-йил 19-июндаги «Давлат фуқаролик хизматини янги ёндашувлар асосида ташкил этиш ҳамда профессионал ва натижадорликка йўналтирилган давлат хизматчилари корпусини шакллантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида ҳам давлат фуқаролик хизматини янги ёндашувлар асосида ташкил этиш, профессионал ва натижадорликка йўналтирилган давлат хизматчилари корпусини шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Ҳужжатда давлат хизматига муносиб кадрларни танлов асосида қабул қилиш, кадрлар салоҳиятини ривожлантириш ва профессионал давлат хизматчилари корпусини шакллантириш вазифалари қайд этилган.

Давлат хизматчиси ҳақида фикр юритганда энг муҳим ҳақиқатлардан бири шуки: лавозим инсонни улуғламайди, аксинча, инсон ўз фаолияти билан лавозимнинг қадрини оширади. Давлат хизматчисига берилган ваколат шахсий манфаат учун имконият эмас, жамият манфаатига хизмат қилиш учун берилган ишончдир. Зеро, замонавий давлат хизматчиси учун энг олий мезон – лавозимга муносиб бўлиш эмас, халқ ишончига сазовор бўлиш!


Дилрабо АБДУҲАМИДОВА,
мутахассис-мухбир,
катта лейтенант
.