Касбий маҳоратнинг ишончли таянчи

«Бир миллатни йўқ қилиш учун унинг китобини ёқиш шарт эмас, мутолаани бас қилсанг кифоя», деган эди таниқли мутафаккирлардан бири. Бу фикрнинг мантиқий давоми сифатида айтиш жоизки, китоб ўқишдан тўхтаган жамият ўз тараққиётини ҳам тўхтатади. Зеро, мутолаа инсоннинг дунёқарашини бойитиб, фикрлаш доирасини кенгайтиради, уни маънан юксалтиради. Интеллектуал қувват ва фикрий етукликдан маҳрум бўлган онг эса ташқи таъсирларга тез берилувчан ва мураккаб қарорлар қабул қилишда ожиз бўлиб қолади.

Ички ишлар органлари ходимлари фаолияти бевосита инсон тақдири, жамоат тартиби ва қонун устуворлиги билан боғлиқ бўлиб, у ҳар куни турли вазиятлар, муаммолар ва мураккаб жиноятлар билан юзма-юз келади. Айнан шундай пайтда унинг энг асосий таянчи – билим, мантиқий фикрлаш ва китоб мутолаасидир. Масъулиятли вазифаларни бажарувчи ходимнинг мураккаб ҳаётий вазиятларда тўғри, қонуний ва адолатли қарорга келиши унинг фақат хизмат тажрибасигагина эмас, балки чуқур билим ва юксак мантиқий фикрлашига ҳам бевосита боғлиқ.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда айтиш жоизки, китоб мутолааси ички ишлар органлари ходимлари фао­лиятининг турли жабҳаларида юқори самара беради. Хусусан:

– мулоқот маданияти ва
стрессга бардошлиликда:
ҳар куни турли феъл-атворли ва кайфиятдаги фуқаролар, низоли вазиятлар ҳамда жиноятчилик билан юзма-юз келадиган ходим учун психологик барқарорлик жуда муҳим. Мумтоз ва замонавий бадиий адабиётларни ўқиш ходимнинг эмпатия (бошқалар ҳис-туйғусини тушуниш) ҳиссини ошириб, зўриқишларни енгишга ва фуқаролар билан мулоқотда вазмин бўлишга ёрдам беради;

– мантиқий фикрлашда: детектив ва психологик асарлар, терговчи ва тезкор ходимларда мантиқий фикрлаш, воқеалар ўртасидаги сабаб-оқибат боғланишини кўра олиш ва синчковлик каби касбий кўникмаларни ривожлантиради;

– профилактик ишлар самарадорлигини оширишда: ички ишлар органларининг профилактика инспекторлари бевосита жамиятнинг ичида, маҳаллаларда фаолият юритади. Юқори дунёқараш ва сўз бойлигига эга бўлган инспектор аҳоли ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш бўйича тушунтириш ишларини таъсирчан ва ишончли тарзда олиб бора олади.

Тизимда китобхонликни оммалаштириш

Ички ишлар органларида ходимларнинг маданий-маърифий савиясини ошириш ва китобхонлик маданиятини юксалтириш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, ИИВ тасарруфида жами 223 та кутубхона ҳамда 196 та «Инновацион кутубхона бурчаги» фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, вазирлик Академияси Ахборот-ресурс маркази фонди қарийб 300–400 минг нусха атрофидаги адабиётларни қамраб олган бўлиб, улар ҳуқуқий, бадиий, психологик ҳамда электрон адабиётлар билан мунтазам бойитиб борилмоқда.

Ходимлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш ва уларнинг маънавиятини ошириш мақсадида «Энг яхши китобхон ходим» кўрик-танлови ўтказилиб, ғолиблар рағбатлантирилмоқда. Шунингдек, ҳафтанинг белгиланган кунларида таниқли ёзувчи ва шоирлар, олимлар билан ижодий учрашувлар, янги китоблар тақдимоти ташкил этилмоқда.

Бундан ташқари, ходимларнинг интеллектуал салоҳияти ва ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида ИИВ Академиясининг рақамли платформалари, соҳавий илмий журналлар ҳамда Ёшлар ишлари агентлигининг «Мутолаа» каби электрон кутубхона лойиҳалари тизимли равишда йўлга қўйилган бўлиб, улар ходимларнинг касбий адабиётлардан кенг фойдаланиши ҳамда бўш вақтини мазмунли ташкил этишига хизмат қилмоқда.

Маънавий хазина

Ходимнинг дунёқараши ва касбий маҳоратини шакллантиришда қуйидаги адабиётлар тўплами муҳим аҳамият касб этади:

Ҳуқуқий ва сиёсий адабиётлар: Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев асарлари, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, миллий қонунчилик тўпламлари ва инсон ҳуқуқларига оид халқаро ҳужжатлар.

Бадиий ва миллий мумтоз асарлар: Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Ойбек, Абдулла Қаҳҳор асарлари – инсонийлик ва ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлаш учун.

Жаҳон адабиёти намуналари ва психологик асарлар: Лев Толстой, Фёдор Достоевский, Эрих Мария Ремарк асарлари, шунингдек, инсон психологияси ва мулоқот санъатига оид манбалар (Дейл Карнеги, Виктор Франкл ва бошқалар).

Тарихий ва ватанпарварлик асарлари: Амир Темурнинг «Темур тузуклари», Жалолиддин Мангуберди ҳақидаги тарихий манбалар – мардлик ва давлатчилик маданиятини ўрганиш учун.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган бўлиб, у тизим ходимлари, ҳарбий хизматчилари ва уларнинг оила аъзолари ўртасида маънавий-маърифий ишларни янги босқичга кўтариш ҳамда юксак ватанпарварлик туйғу­ларини шакллантиришга қаратилган.

Хулоса ўрнида

Халқимизда «Китоб – беминнат устоз», «Китобсиз инсон – қаноциз қуш» деган ҳикматли нақллар бежиз айтилмаган. Ватан тинчлиги ва эл осойишталиги йўлида хизмат қилаётган юрт посбонининг қалбида ватанпарварлик туйғуси билан бирга юксак маънавият, мутолаага меҳр мужассам бўлса, бундай тизим ҳар қандай мураккаб вазифани муваффақиятли бажаришга қодир бўлади.

Китобхон ходим – ўз муомаласи, адолатли қарорлари ва чуқур билими билан фуқароларнинг ички ишлар органларига бўлган ишончи янада ортишига хизмат қилади. Осойишталик посбонининг қалбидан китоб мустаҳкам ўрин эгаллар экан, жамиятимизда адолат ва осойишталик янада мустаҳкамланади, юрт тақдирига дахлдорлик ҳисси ортади.

Феруз ЙЎЛДОШОВ,

ўз мухбиримиз.