Президентимизнинг тегишли фармони ижросини таъминлаш мақсадида меҳнат мигранти сифатида хорижий давлатларга кетган ва қайтиб келган фуқароларнинг ижтимоий, иқтисодий аҳволини ўрганиш, уларни ҳар томонлама қўллаб қувватлаш мақсадида «Ягона миграция идоралараро маълумотлар базаси» яратилди.
Сурхондарё вилоятида мазкур электрон дастурнинг афзаллиги, қулайлиги бўйича ўқув семинари ташкил этилди. Термиз шаҳридаги Ёшлар маркази биносида ўтказилган тадбирда Термиз, Ангор, Музработ туман ички ишлар бўлимлари ҳамда Термиз шаҳар ички ишлар бошқармаси ходимлари, Қизириқ туман ҳокимлиги биносида эса Қизириқ, Бойсун, Шеробод, Бандихон туманлари ички ишлар бўлимлари ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмалари профилактика инспекторлари иштирок этди.
Ўқув-амалий семинарда жумладан, хорижий давлатларга кетган ва қайтиб келган мигрантлар ҳақида тўлиқ маълумотлар базаси яратиш, уларнинг ижтимоий, иқтисодий ҳолати, оилавий муаммолари, даромад миқдори ва иш шароитлари тўғрисида маълумотлар олиш ва таҳлил қилиш орқали уларга зарур ёрдам кўрсатиш белгиланганлиги айтиб ўтилди. Ўз юртига қайтиб келган фуқароларни ижтимоий мослаштириш, мутасадди корхона-ташкилотлар билан ҳамкорликда маҳаллий иш ўринларига жойлаштириш уларнинг оиласи фаровонлигига хизмат қилади.
Айтиш жоизки, бугунги кунда ушбу электрон дастур профилактика инспекторларининг хизмат планшетларига ўрнатилиб, «маҳалла еттилиги» билан ҳамкорликда фойдаланиб келинмоқда. Иш жараёнларида хорижий давлатларда оғир ҳаётий вазиятларга тушиб қолган фуқаролар аниқланиб, уларни Ватанга қайтариш ва муносиб иш ўринлари билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда.
Электрон дастурнинг ишлаб чиқилиши мигрантларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда илк қадам бўлиб, келгусида бу каби амалий ишлар давом эттирилади. Ўқув семинари якунида ходимлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан тегишли жавоблар олишди.
Феруза Раҳмонқулова,
ўз мухбиримиз,
Сурхондарё вилояти.
