Сўраган эдингиз...
– Бир танишим мендан «Алимент тўловини маълум бир муддатга «музлатиш» мумкинми?» деб сўраб қолди. Илтимос, шу масалада, қолаверса, алимент тўловини амалга ошириш тартиби юзасидан тушунча берсангиз.
З. КАРИМОВ,
Тошкент шаҳри.
– Аввало, шуни таъкидлаш лозимки, қонунчиликда алиментни «музлатиш» деган тушунча мавжуд эмас. Ўзбекистон Республикасининг «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги қонунининг (кейинги ўринларда қонун деб юритилади) 40-моддаси 1-қисми 1-бандига асосан, ундирувчи ўз аризаси билан ижро ҳужжатини тамомлаши мумкинлиги кўрсатилган. Яъни алимент ундириш тўғрисидаги ижро иши юзасидан ундирувчи ариза билан мурожаат қилиб, ижро ҳужжатини ўзида сақлаш учун қайтариб олиш ҳуқуқига эгадир. Кейинчалик ушбу ижро ҳужжатини қонуннинг 27-моддаси тартибида қайтадан ижрога топшириш мумкин бўлади.
Бироқ ушбу ҳолат, танишингиз сўраганидек, алиментни «музлатиш» мавзусига мос келмайди ва бундай ҳолатда алиментнинг тўлаб борилиши Мажбурий ижро бюроси томонидан назорат қилинмайди. Бундай ҳолатда томонлар ўзаро келишувга асосан, ҳисоб-китоб қилишлари мумкин.
Энди бевосита сизнинг саволингизга қайтадиган бўлсак, ундирувчи ҳар ойлик алимент тўловларини банкларнинг омонат кассаларида сақлаши мумкин. Бундай ҳолатда омонатга қўйилган пулларни истаган вақтда олишга ҳақли. Шунингдек, омонатга қўйилган пулларига маълум миқдорда фоиз ҳам тўланади. Шундай қилиб, алимент пулларини фарзандлар келажаги учун жамғариб бориш мақсадида алиментни «музлатиб» қўйишга ҳожат йўқ. Зеро, ундирувчи алимент пулларини фарзандлар таъминоти учун тасарруф этиш ҳуқуқига эга экан, бу пулларни омонатга қўйиши учун ҳеч қандай махсус амалиёт талаб этилмайди.
Қолаверса, алимент пулларини ҳар ойда тўлаб борилишини назорат қилиш Мажбурий ижро бюроси зиммасида қолади. Маълумки, бугунги кунда алимент тўловлари ундирувчиларнинг номига очилган махсус банк пластик карталарига тўлаб борилмоқда. Шундай экан, ундирувчилар ҳам банк пластик карталарига алимент пулларининг тушишини бевосита назорат қилиб боришлари мумкин бўлади.
Алимент пулларини қарздорлар томонидан ўз вақтида тўланмаслиги юзасидан тегишли тартибда Мажбурий ижро бюросига мурожаат қилиш мақсадга мувофиқ бўлади. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиманки, алимент пулларини икки ойдан ортиқ давр мобайнида тўламаслик Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 474-моддасига асосан, маъмурий жавобгарликка, ўша қилмиш маъмурий жазо қўлланилганидан кейин 1 йил давомида такрорланган тақдирда, Жиноят кодексининг 122-моддасига асосан, жиноий жавобгарликка тортилишга сабаб бўлади.
Ахролхўжа РУСТАМХЎЖАЕВ,
Мажбурий ижро бюросининг Чилонзор тумани
бўлими давлат ижрочиси, 2-даражали юрист.
