25 ноябр – Халқаро хотин-қизларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш куни
Юртимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, аёлларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида тўлақонли иштирок этишига эришиш, улар ўртасида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш масалаларига жиддий эътибор қаратилмоқда. Мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини янада ошириш мақсадида 2019 йил 2 сентябрда «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. Ушбу қонун шарофати билан хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишда сезиларли ютуқлар қўлга киритилмоқда.
– Одатда аёлларимиз тазйиққа дуч келса, бу ҳақда ҳатто яқинларига айтишмайди, қўрқишади ёки истиҳола қилишади, – дейди ИИВ ЖХД ҲПХ катта инспектори, катта лейтенант Гавҳар Усмонова. – Шу маънода, ҳимоя ордери институтининг жорий этилиши бежиз эмас. Бунга қадар ўзига нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этилаётган хотин-қизлар мавжуд муаммоларини кимга айтишни, қандай йўл тутиш лозимлигини билишмасди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилганда тазйиқ ва зўравонлик ҳолати тайинланган экспертиза хулосалари орқали ўз тасдиғини топмаса, кўп ҳолларда жиноят ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик аломати йўқлиги важи билан жиноят иши қўзғатишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиб келинган. Ҳимоя ордери эса хотин-қизларга тазйиқ ўтказаётган ёки уларга нисбатан зўравонлик содир этган шахс ёхуд бир гуруҳ шахсларга нисбатан таъсир кўрсатиш чоралари қўлланишига сабаб бўладиган ҳужжат эканлигини амалда намоён этади.
Соддароқ қилиб айтганда, профилактика (катта) инспектори тазйиқ ва зўравонлик ҳақидаги мурожаатни қабул қилиб олганидан сўнг тегишли ўрганишларни олиб боргач, тазйиқ ва зўравонлик ҳолати тасдиғини топган тақдирда, ҳимоя ордери бериш тўғрисида қарор қабул қилади. Тазйиқ ўтказган шахс белгиланган чекловлар билан таништирилади. Унинг хулқ-атворини ўзгартириш бўйича зарур чоралар кўрилади. Белгиланган муддатда хулқ-атворида яхши томонга ўзгаришлар кузатилмаса, ҳимоя ордери яна бир ой муддатга узайтирилади, чекловларга амал қилинмаган тақдирда, маъмурий жавобгарлик масаласи кўриб чиқилади.
Шу ўринда қийин вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга тезкорлик билан зарурий ёрдам кўрсатиш учун «1259» қисқа рақамли «Ишонч маркази» ташкил этилганини эслатиб ўтиш лозим. Ўтган даврда мазкур марказга қўнғироқ қилган 1200 нафардан зиёд аёлга психологик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди.
25 ноябр – Халқаро хотин-қизларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш куни муносабати билан вилоятлар, Тошкент шаҳри ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида «Биз зўравонликка қаршимиз!» ва «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тарафдоримиз» шиорлари остида акциялар ташкил этилиб, мавзуга доир турли тадбирлар ўтказиб келинмоқда. Умуман олганда, жорий йилнинг ўтган даврида хотин-қизлар иштирокида маҳаллаларда, корхона ва ташкилотларда, таълим муассасаларида 12 мингдан зиёд маданий-маърифий ва спорт тадбирлари, давра суҳбатлари, учрашувлар ўтказилди. Ушбу тарғибот тадбирлари доирасида зўравонлик ҳолатларининг олдини олишга қаратилган видеоролик, тарқатма материаллар, баннер ва буклетлар тайёрланиб, оммага тақдим этилгани ижобий самара бермоқда. Бундан ташқари, мавзу доирасида оммавий ахборот воситаларида қилинаётган чиқишлар опа-сингилларимизнинг ҳуқуқий маданиятини оширишга муҳим ҳисса бўлиб қўшиляпти.
Шерзод АБДУСАМАДОВ,
«Постда» мухбири.
