Шарқ табибларининг тажрибасига кўра, касаллик, энг аввало, идрок қилиш, ҳиссиётли сезги йўллари орқали келиб тушадиган ахборот экан. Атроф-муҳит ва вужудимизда ҳам касаллик қўзғатувчилари бор экан. Унда патологик ўзгаришларнинг келиб чиқиши натижасида инсон дардга чалинар экан. Шу сабабли ҳар бир киши ўз ҳис-туйғулари, кайфиятини бошқаришни ўрганиши лозим.

Қуйида айрим касаллик қўзғатувчи ҳолатлар билан танишинг: қора ўй-хаёллар, ичиқоралик, ёмон қилиқлар ичакларда муаммолар келтириб чиқаради. Очкўзлик, бахиллик ич қотишига, кимнидир ёмонлаш, кимгадир таъна қилиш қорин оғриғига сабаб бўлади. Жигар, ўт пуфаги, меъдаости бези, асаб таранглиги касалликлари қаҳр-ғазаб, кўролмаслик натижасида юз беради.

Шунингдек, кекчи одам бировга нисбатан кўнглида қасос туйғуси билан яшаса, унга зарба бериш учун пайт пойлайди. Кучли қаҳру ғазабни кимгадир соча олмаган киши уни ютади ва ўзининг ўт пуфагининг букилишига, бирор аъзонинг буралиб қолишига йўл очади.

Севги ва ишончнинг йўқлиги, мағрурлик, ўзига бино қўйишлик, ичиқоралик, ҳасад юрак касаллигига, рашк, руҳий тушкунлик, умидсизлик, ғам-ғусса чекиш юрак етишмаслигига сабаб бўлади. Бировнинг фикрини ўзлаштириш, кўчирмачилик аритмия учун шароит яратади. Эндокрин касалликлари ўзига бино қўйиш, ўзини ҳаммадан устун қўйиш, худбинлик, такаббурлик, хомхаёллик оқибатида қўзғалади.

Ўз тақдиридан, ҳаётидан, шароитдан норозилик буйрак усти безини эзади. Меъдаости безидаги бузилишлар доимо бировдан аччиқланиб, хафа бўлиб юриш, дунёдан безиш сабабли пайдо бўлади. Ширин ҳаётга интилиш, осон умр кечириш пайида бўлганлар қандли диабетга чалинадилар. Бировни ёмон кўриш эса ошқозонни оғриқлантиради.

Қисқаси, булардан кўринадики, яхши фазилатларга эга бўлмаганлар ўз саломатлигини ҳам, кишилар ўртасида ҳурматини ҳам йўқотади. Эсон-омон ва обрўли бўлиб яшай десангиз, ёмон одатлардан тийилинг, яхши одам бўлиб яхшилик қилсангиз, асло касал бўлмайсизлар. Бу ёғига камина кафил, азизлар!  

Мирзоқул АҲАДОВ,

“Постда” мухбири.

Бухоро вилояти.