Юртимизда гиёҳвандлик воситалари ҳамда психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, ташиш, сақлаш, ўтказиш, шунингдек, таркибида гиёҳвандлик воситалари мавжуд бўлган ўсимликларни экиш ва етиштириш билан боғлиқ ҳолатларни аниқлаш бўйича “Қорадори-2021” тезкор-профилактик тадбири давом этмоқда.
Хоразм вилояти ИИБ Жиноят қидирув бошқармаси ходимлари томонидан Урганч шаҳри ҳудудида ўтказилган тезкор тадбир давомида Урганч туманида яшовчи Ш.Қ.нинг сири фош бўлди. У бир бўлак “гашиш” гиёҳвандлик воситасини қонунга хилоф равишда 400 минг сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Шунингдек, унинг ёни холислар иштирокида кўздан кечирилганида чўнтагидан яна бир бўлак “гашиш” гиёҳвандлик воситаси топилади. Бундан ташқари, ИИВ ҳамда вилоят ИИБ ходимлари томонидан ҳамкорликда ўтказилган навбатдаги тезкор тадбирда Урганч туманида яшовчи Д.М. ён чўнтагида икки бўлак “опий” гиёҳвандлик воситасини қонунга хилоф равишда сақлаб келаётганлиги аниқланди.
Урганч туманида яшовчи С.К.нинг савдоси ҳам касод бўлди. У Урганч шаҳри ҳудудида бир бўлак “марихуана” гиёҳвандлик воситасини 350 минг сўмга сотаётган пайтида жиноят устида қўлга олинди. Дастлабки суриштирув жараёнида у мазкур гиёҳвандлик воситасини Урганч шаҳрида яшовчи Ғ.М.дан олганлигини билдиради. Ўтказилган тезкор саъй-ҳаракатлар натижасида Ғ.М. зудлик билан қўлга олиниб, унинг ёни ва яшаш жойи холислар иштирокида кўздан кечирилганида, чўнтагидан 2 та гугурт қутисида, уйидан эса, 10 та қоғоз варағида алоҳида қадоқланган “марихуана” гиёҳвандлик воситалари топилади.
Хоразм вилояти ИИБ ҳамда Урганч шаҳри бўйича ИИОФМБ ходимлари томонидан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир ҳам самарали якунланди. Урганч туманида яшовчи Н.С. 3 та алоҳида қадоқланган “гашиш” гиёҳвандлик воситасини 650 минг сўмга сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинади. Унинг ёнидаги уяли алоқа телефонинг ғилофи ичидан ҳам яна бир бўлак “гашиш” гиёҳвандлик воситаси яширилгани ошкор бўлди.
Гурланлик Ф.Б. таркибида гиёҳвандлик моддаси мавжуд бўлган ўсимликларни парваришлаш бўйича анчагина тажрибали “боғбон” бўлиб чиқди. Унинг яшаш манзилидаги томорқаси холислар иштирокида кўздан кечирилганида 137 туп “каннабис” гиёҳвандлик ўсимлиги парваришланаётгани аниқланди.
Юқоридаги ҳолатлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Худойберган ЖАББОРОВ,
“Постда” мухбири.
