Янги йил кенг нишонланадиган байрамлардан бири ҳисобланади. Ҳар бир мамлакатда янги йил ўзига хос урф-одатлар, рамзлар ва маросимлар билан кутиб олинади.

Европа мамлакатларида Янги йил байрами асосан 31 декабрдан 1 январга ўтар кечаси нишонланади. Чунончи, Франсияда бу байрам оилавий давра ёки яқин дўстлар билан нишонланади. Париж шаҳрида Эйфел минораси атрофидаги феерверклар байрамга алоҳида шукуҳ бағишлайди. 

Германияда байрам куни феерверклар ва пиротехникадан фойдаланиш жуда оммалашган. Айрим ҳудудларда эса эски йилдан янги йилга “сакраб ўтиш” анъанаси бор, бу янги йилга муваффақият билан кириш рамзи сифатида қабул қилинади.

Испанияда эса қизиқ анъана мавжуд: соат 12 да ҳар бир зарба билан бир донадан узум ейилади. Жами 12 та узум – йилнинг 12 ойи давомида омад бўлишини англатади.

Осиёда Янги йилни нишонлаш санаси ҳамма жойда бир хил эмас. Хитойда Янги йил ой тақвими асосида нишонланади ва у “Баҳор байрами” деб аталади. Бу байрам бир неча кун, баъзан икки ҳафтагача давом этади. Қизил ранг, аждар рақслари, феерверклар ва оилавий йиғинлар байрамнинг асосий белгиларидир.

Японияда Янги йил энг муҳим миллий байрам ҳисобланади. 31 декабр кечаси буддавий ибодатхоналарда қўнғироқ 108 марта чалиниб, инсоннинг камчиликлардан покланиш рамзини ифодалайди. Янги йилнинг биринчи куни яқинлар билан учрашиш ва ибодатхоналарга бориш одат ҳисобланади.

Ақшда Янги йил оммавий тадбирлар билан нишонланади. Нъю-Ёрк шаҳридаги Таймс-сквер майдонида минглаб одамлар йиғилиб, машҳур “шар тушиши” маросимини томоша қилишади. Бу воқеа телевидениэ орқали бутун дунёга жонли эфирда намойиш этилади.

Бразилияда Янги йил, айниқса, океан соҳилларида нишонланади. Рио-де-Жанейрода одамлар оқ кийимда соҳилга чиқиб, денгизга гуллар ташлайдилар. Бу тинчлик, бахт ва фаровонлик тилаш рамзи ҳисобланади.

Африкада Янги йилни кутиб олиш миллий урф-одатлар ва замонавий анъаналар уйғунлигида ўтади. Масалан, Кенияда байрам асосан оила даврасида ва жамоавий тарзда нишонланади. Найроби ва бошқа йирик шаҳарларда консертлар, очиқ осмон остидаги тадбирлар ташкил этилади. Қишлоқ ҳудудларида эса анъанавий рақслар ва қўшиқлар муҳим ўрин тутади.

Мисрда Янги йилни нишонлаш, айниқса Қоҳира ва Искандария шаҳарларида кенг тарқалган. Туристик ҳудудларда феерверклар уюштирилади, меҳмонхоналарда байрам дастурлари ташкил этилади.

Австралия қитъасида Янги йил ёз фаслига тўғри келади. Сидней шаҳридаги опера театри атрофида ўтказиладиган феерверклар дунёдаги энг чиройли байрам томошаларидан бири сифатида тан олинган.

Абдураҳмон МУСТАФОҚУЛОВ

тайёрлади.