Фан-техника ривожланиб, технологик кашфиётлар имконияти янада кенгайиб бораётган ҳозирги даврда радио инсоният кундалик ҳаётининг бир қисмига айланган. Радио тингловчини янгиликларидан хабардор қилиш, керакли маълумотларни етказиш орқали дунёнинг кўп сонли аҳолисини бир доира атрофида бирлаштиради.
Бундан 80 йил аввал кашф этилган радио алоқа воситаси йиллар давомида янада такомиллашиб борди. Турли оммавий ахборот воситалари таъсири остида ушбу алоқа-ахборот воситаси негизида алоқа-ахборот воситаларининг янги авлодлари компютер, мобилъ алоқа воситаси, планшетлар пайдо бўлди.
1927-йил 11-феврал Ўзбекистонда радиоэшиттиришлар эфирга чиққан сана сифатида тарих саҳифаларидан жой олган. Айнан шу куни Тошкент радиоэшиттириш радиостансиясининг тантанали очилиши маросими ўтказилган.
Радионинг инсоният ҳаётидаги аҳамиятини инобатга олган ҳолда, 13-феврал – “БМТ радиоси” ташкил этилган кун муносабати билан 2011-йил ЮНЕСКО Бош конференсияси томонидан 13-феврал – Бутунжаҳон радио куни, деб эълон қилинди.
Фурсатдан фойдаланиб, оммавий ахборот воситаларининг радио йўналишида меҳнат қилиб келаётган барча ҳамкасбларимизга ижодий парвозлар тилаб қоламиз.
