Мақол

Қадимда Аёз исмли оддий бир чўпон ақллиги ва ҳозиржавоблиги туфайли хон вазири даражасига кўтарилади. У чўпонликда кечирган оғир кунларини унутмаслик учун чориғини ҳамма вақт кўзи тушиб турадиган жойга – ўз хонасининг эшиги тепасига осиб қўйган экан. Ҳар гал чориғига кўзи тушганида ўзига ўзи: “Аёз, кўрган кунинг унутма, кўн чориғинг қуритма!”, деб қўяркан.

Бу мақолни юқори мартабага мингач, ўзининг аввалги ҳолини унутган, ўзидан пастроқ мартабадагиларни (ёхуд камбағалларни) менсимай қўйган кишиларга нисбатан айтадилар. Мақолда “кўн чориғинг қуритма” дейилишига сабаб шундаки, ўтмишда кўндан (хом теридан) тикилган чориқ қовжираб, ёрилиб кетмаслиги учун вақти-вақти билан мойлаб турилган.

Ҳа, кеча кимлигини унутганлар бугун топганларининг барисидан айрилиши ҳеч гап эмас. Эртага эса ҳеч вақоси қолмаслиги ҳам мумкин. Аслиятдан узоқлашманг, деганида, шуларни назарда тутган бўлса ажабмас донолар.

Феруза РАҲМОНҚУЛОВА тайёрлади.