Ҳар қандай машҳур, истеъдодли шахслар каби Моцартнинг болалиги, ёшлиги ҳақида ҳам кўп ҳикоятлар тарқалган. Уларни ўқирканмиз, Волфганг Моцартнинг ўзига хос табиати, истеъдоди ҳақидаги тасаввурларимиз кенгаяди.
Масалан, мен…
Моцартнинг фавқулодда истеъдодга эга бўлганлиги маълум. У тўрт ёшида клавишли чолғу асбоблари учун консерт – мураккаб мусиқа асари ёзади. Бундай асарни маҳоратли ва тажрибали санъаткорларгина ижро этиши мумкин эди. Моцартнинг отаси ҳали ёзиб тугатилмаган ноталарга қараб ҳайратга тушади:
– Ахир, бу куйларинг жуда мураккаб-ку, уни ҳеч ким чала олмайди!
– Қизиқмисиз, дада, – эътироз билдиради Волфганг, – Уни ҳатто ёш болалар ҳам чала олади-ку. Масалан, мен…
Мушук кетиб қолади
Моцартнинг бутун болалиги турли тадбирлардаги чиқишлар ва мусиқа машғулотлари билан ўтган. Ёш истеъдод соҳиби Европанинг турли бурчакларида ташкил этилган консертларда оқсуякларни ҳайратга солиб юради: отаси Моцартнинг кўзини рўмолча билан ёпиб қўяр, у ана шу ҳолатда ҳам куй ижро этарди. Ҳатто чолғу асбобининг клавиатура-тугмаларини ҳам рўмолча билан ёпиб қўйишар, шунда ҳам болакай ўз ишини уддалай оларди.
Консертларнинг бирида саҳнага тўсатдан мушук чиқиб келади. Ёш Моцарт куй чалишни тўхтатиб, мушук томон югуриб кетади. Ҳамма нарсани унутиб, мушук билан овора бўлади. Отасининг асабий бақириғига жавобан эса шундай дейди:
– Чолғу асбобим ҳеч қаёққа кетмайди, лекин мушук кетиб қолса нима қиламан?!
Моцартча илтифот
Ёш Моцарт император саройида чиқиш қилгач, малика Мария-Антуанетта унга ўзининг ҳашаматли саройини кўрсатмоқчи бўлади. Залларнинг бирида паркет полда юролмаган Моцарт сирпаниб йиқилиб тушади. Малика унинг туришига ёрдамлашади.
– Менга илтифот кўрсатдингиз… – дейди ёш мусиқачи, – сизга уйланишимга рухсат беринг.
Мария-Антуанетта бу ҳақда онасига айтади.
Қиролича ҳали ёшгина мусиқачидан сўрайди:
– Малика ҳазрати олияларига нима сабабдан уйланмоқчисан?
– Миннатдорчилик юзасидан, – жавоб беради Моцарт.
Ғаройиб суҳбат
Етти ёшли Моцарт Франкфурт-на-Майнеда консерт беради. Томоша тугагач, унинг олдига ўн тўрт ёшли бир бола келади:
– Жуда ажойиб чалар экансан, менга ҳеч қачон бунақасини ўргатишмаган.
– Наҳотки! – ажаблананади ёш Волфганг, – бунинг ҳеч қанақа қийин жойи йўқ. Нота ёзиб кўрганмисан?… Каллангга келадиган куйларни қоғозга туширганмисан?…
– Билмадим… Менинг калламга фақат шеър келади, холос.
– Йўғ-е! – баттар ҳайратланади Моцарт. – Шеър ёзиш жуда қийин дейишади, шу тўғрими?
– Бекор гап, жуда осон-ку. Бир уриниб кўргин…
Моцартнинг суҳбатдоши ёш Гёте эди.
Академикнинг истаги
Волфганг етти ёшида биринчи симфониясини, ўн икки ёшида эса биринчи операси “Бастен ва Бастена”ни ёзади. Болон академиясида йигирма олти ёшга тўлмаган киши академикликка қабул қилинмас эди. Лекин Моцартдай фавқулодда иқтидор эгаси учун истиснога йўл қўйилади. У ўн тўрт ёшида Болон академияси академиги бўлиб сайланади.
Отаси уни қутлаган пайт дейди:
– Дада, мана академик ҳам бўлдим, энди ярим соат ўйнаб келишимга рухсат берасизми?
