Филлар Таиландда муқаддас жонивор, мамлакатнинг миллий тимсоли ҳисобланади. Азалдан филлар маҳаллий аҳоли, яъни тайлар билан ёнма-ён яшаган. Улар тинчлик даврида ҳам, уруш пайтида ҳам одамларнинг яқин кўмакчиси бўлган. То 1916-йилгача давлат байроғида оқ филнинг сурати акс этган. Ҳозирда эса фақат Қироллик Ҳарбий-денгиз флоти байроғида сақланиб қолган.
Қадим замонларда жанг чоғида филларнинг кўзи ва қаншарини ҳимоя қилиш учун юзига металл қалпоқ кийдирилган. Терисининг қалинлиги 4-7 см бўлганлиги боис танасининг бошқа қисмлари махсус ҳимоя воситасига муҳтож бўлмаган. Уруш пайтида фақат махсус тайёргарликдан ўтган энг қобилиятли филлардангина жангчи сифатида фойдаланилган. Бошқа филлар эса ҳарбийларни, асбоб-анжомлар ва қурол-аслаҳаларни ташиш вазифасини бажарган.
Ушбу жониворларни тадқиқ қилишга ихтисослашган Миллий институтнинг маълумотларига кўра, ҳозирда мамлакатда тўрт мингга яқин фил бор. Уларнинг ярми ёввойи табиат қўйнида яшайди. Йилдан-йилга уларнинг сони камайиб бормоқда. Сабаби табиат қўйнида яшайдиган филлар кўпинча кўпайишни исташмаяпти. Афтидан, улар ўрмонлар ва чангалзорлар тобора қисқариб, туғилажак болалари яшайдиган ҳудудлар камайиб бораётганини ҳис қилишяпти, чоғи. Жониворларни кўпайтириш мақсадида мамлакат шимолида махсус қўриқхоналар барпо қилинган.
Филларнинг ҳақ-ҳуқуқлари уларни ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи марказнинг дастурларида ва мамлакат Конститусиясида давлат даражасида муҳофаза қилинади. Қонун ҳужжатларига мувофиқ, филлар меҳнат фаолиятига 14 ёшдан 60 ёшгача жалб қилиниши мумкин. Улар тиббий суғурта қилинган бўлиши шарт. Ҳатто филлар учун мўлжалланган махсус касалхоналар мавжуд. Филлар 60 ёшдан кейин пенсияга чиқадилар ва моддий жиҳатдан тўлиқ таъминланадилар. Фақат аксар жониворлар пенсия ёшига етиб боролмайдилар-да.
Бобомурод ТОСНЕВ тайёрлади.
