Халқ бисотидан

Бир кишининг вафодор ити бўлган экан. У ўз соҳибининг уйи ва яқинларини садоқат билан қўриқларди. Орадан анча йиллар ўтиб, ит қариб қолибди. Хонадон соҳиби эса «Уни беҳуда боқиб нима қиламан», – деб, кўлга чўктириб юборишга қарор қилибди.

Эркак итни қайиққа ўтқазиб, унинг бўйнига тош боғлабди ва кўл ўртасига йўналибди. Бу вақт ичида жонивор эгасини кузатиб турар, унинг юз-кўзига боқиб, нималар бўлаётганини жуда яхши англарди.

Эшкак эшишни тўхтатган киши итни тош билан аста кўтариб, кўлга отибди. Силтанган кескин ҳаракатдан қайиқ чайқалиб, одамнинг ўзи ҳам сувга тушиб кетибди ва чўка бошлабди.

Тош боғланган ип бўйнидан сирпалиб чиқиб кетган жонивор эса жон ҳолатда эгасини қутқаришга ошиқиб, уни амаллаб қирғоққа судраб чиқибди.

Қўрқувдан даҳшатга тушган киши аранг ўзига келиб, қилган ишидан уялибди. Садоқатли дўстини қаттиқ бағрига босиб, ундан узр сўрабди. Сўнгра икковлон уй томон йўл олишибди. Эркак итининг сўнгги кунигача ундан айрилмай, меҳр билан боқибди.

Яхшилик ўрнига ёмонлик қилма, ёмонлик ўрнига эзгуликни маъқул кўр!

Рус тилидан Гулчеҳра АЗИМОВА таржимаси.