Барча даврларнинг энг машҳур изқуварини яратган Артур Конан Дойл кунлардан бирида Париж сафарига отланди. Адиб поэзддан тушган заҳоти унинг ёнига бир такси ҳайдовчиси югуриб келди ва жомадонни машинага жойлаб, сўради:

– Қаэрга олиб бориб қўяй, жаноб Конан Дойл? 

Ёзувчи унинг дарров таниганига ҳайрон қолди. Ҳайдовчи эса адибнинг ҳайратига жавобан Холмснинг дедуктив усулини ўзлаштириб, кўплаб майда-чуйда тафсилотларни таҳлил қилишни ўрганиб олганини айтди. Масалан, меҳмоннинг қўлида сиёҳ излари бор, демак, бу одам кўп ёзади, ўзини тутишидан эса шифокорга ўхшайди, эгнидаги либос ҳам Лондон услубида ва ҳоказо. 

Унинг сўзларини тинглаган Артур Конан Дойл қойил қолди: 

– Сиз чинакам Шерлок Холмс бўлиб кетибсиз-ку! 

Шунда ҳайдовчи бироз хижолат тортиб, қўшимча қилди: 

– Ҳа... Лекин мен яна бир жиҳатга эътибор қаратдим. Жомадонингиз ёрлиғида исм-фамилиянгиз йирик ҳарфлар билан ёзиб қўйилган экан...

Гулчеҳра АЗИМОВА таржимаси.