Кунлардан бирида бўрилар тўдасининг қари бошчиси ўзига ворис тайинламоқчи бўлибди. У энг жасур ва кучли бўрини ёнига чақириб:
– Мен анча қариб қолдим, шунинг учун сени тўданинг янги йўлбошчиси этиб эълон қилмоқчиман. Лекин аввал бунга муносиб эканингни исбот қилишинг керак. Ҳозир энг яхши бўриларни саралаб, овга чиқ ва ҳамма учун емак топиб кел, – дебди.
– Яхши, – розилик билдирибди ёш бўри ва 6 та шериги билан йўлга чиқибди.
Кун ўтибди, оқшом тушибди ва фақат ярим тунда узоқдан ўз ўлжаларини судраб келаётган 7 та бўри кўринибди. Ҳаммаси соғ-омон ва мамнун ҳолда эди.
– Хўш, ов қалай кечди? – сўрабди кекса йўлбошчи.
– Э, биласизми, жуда осон бўлди. Ўлжа излаб юрганимизда, овланган ҳайвон ва паррандаларни орқалаб қайтаётган 10 та овчини кўриб қолдик. Биз уларга ташланиб, бурда-бурда қилдик, ўлжаларини эса осонгина ўзлаштирдик.
– Баракалла. Эртага яна овга борасизлар...
Кейинги кун 6 та бўри ва янги йўлбошчи яна йўлга отланишди. На кун бўйи, на оқшом маҳали, на тунда улардан дарак бўлмади. Фақат эртаси куни уфқ манзарасида ҳолдан тойган ва қонга беланган бир бўри оёқларини аранг судраганча чўлоқланиб келарди. Бу ёш тўдабоши эди.
– Нима бўлди? – сўрабди қари бўри.
– Биз ўрмон ичкарисига анча кириб, роса ўлжа қидирдик. Шунда овдан қайтаётган учта овчига дуч келдик. Еттовлон уларга ташландик, бироқ бу сафар овчиларнинг қўли баланд келди. Улар барча шерикларимни ҳалок қилишди, мен эса аранг жон сақлаб, қутулиб қолдим.
– Қанақасига? – ҳайрон бўлибди собиқ тўдабоши. – Ўтган куни осонликча 10 та овчига бас келган эдингиз, бугун учтасига кучингиз етмадими?
– Ҳа, лекин ўтган сафар рақибларимиз шунчаки 10 та овчи эди, бугунги уччови эса ўта қалин дўст экан!
Гулчеҳра АЗИМОВА тайёрлади.
