Сўнгги йилларда дунё эндокринологлари хавотир билан тилга олаётган глобал муаммолар сони яна биттага кўпайди. Бу – болаларда учраётган семизлик. 

Яқин кунларда УНИCЕФ томонидан эълон қилинган маълумотга кўра,  жаҳон бўйича илк бор ортиқча вазнга эга болалар сони кам вазнли ўғил-қизлар миқдоридан ошиб кетган. Тадқиқотчилар буни носоғлом овқатланиш расиони, яъни арзон ва юқори калорияли маҳсулотлар истеъмоли оммалашгани билан боғламоқда.  

Хусусан, дунёда 5 ёшдан 19 ёшгача бўлган ҳар беш бола ва ўсмирдан бири, бошқача айтганда, 391 миллион нафар ўғил-қиз ортиқча вазнга эга. Уларнинг бир қисми семизликдан азият чекмоқда.

УНИCЕФ ҳисоботи 190 дан ортиқ мамлакатда ўтказилган ўрганишлар натижаларига асосланган. Маълумотларга кўра, 2000 йилдан бери юқорида қайд этилган ёш тоифасига мансуб болалар ўртасида семириш даражаси 3 фоиздан 9,4 фоизга ошган.

 Шу боис мутахассислар, трансёғларга тўйинган “фаст-фуд”лар, ширинликлар, юқори калорияли озиқ-овқатлар, газли ва рангли ичимликлар ўрнига кўпроқ табиий маҳсулотлар, мева-сабзавотлар истеъмол қилиш орқали муаммога самарали ечим топиш мумкин, деган хулосада. 

 Қолаверса, бўш вақтини телевизор, компъютер қаршисида ёки ҳар хил гаджетларда ўтказадиган ўғил-қизлар сафи кенгаяётгани муаммонинг яна бир хавотирли омилидир.