Кунлардан бирида эшак жуда чанқаб, кўл ёнига келибди. Бироқ у ерда шўх-шодон ўйноқилаган ўрдак болалари қанотларини қоқиб, сувни шалоплатганча у ёқдан бу ёққа сузаётганига кўзи тушибди.
Эшак ташналикдан қийналаётган бўлса-да, кўлдаги сувни ичмабди ва бир четга ўтиб, кутиб турибди. Ниҳоят, ҳолдан тойган ўрдакчалар қирғоққа чиқиб, ўз йўлида давом этишибди. Эшак кўлга яқинлашибди, аммо сув ҳамон лойқа эканини кўриб, яна бироз сабр қилишга қарор қилибди.
– Ойи, нега у сув ичмаяпти? – сўрабди қизиқувчан қурбақа боласи ўз онасидан. – У икки маротаба кўлга яқинлашди, лекин ҳар сафар чанқоғини қондирмай, четга ўтиб турибди.
– Негаки, эшак чанқоқдан жон таслим қилса қиладики, аммо ифлос сувни ичмайди, – жавоб қилибди она қурбақа. – Токи сув тозаланиб, шаффоф тусга киргунга қадар сабр билан кутади.
– Вой, жудаям қайсар экан-а?
– Йўқ, ўғлим, у қайсар эмас, чидамли, – тушунтиришда давом этибди қурбақа. – Эшак жуда меҳнацевар, ҳамиша елкасида оғир юкни ортиб юради ва кўпгина қийинчиликларга дош бера олади. Сабр-бардоши етишмаганларгина унга «қайсар» деб баҳо беради.
Рус тилидан Гулчеҳра АЗИМОВА таржимаси.
