Маълумки, сўнгги пайтларда Финландиядаги таълим тизими дунёдаги энг яхши тизим эканлиги ва мазкур тизимнинг бундай мақомга эришишда ёрдам берадиган радикал (Буюк Британия ва АҚШ таълим тизими билан солиштирганда) ғоялар қандай ишлаётгани ҳақида фикрлар матбуотда кенг муҳокама қилинмоқда.
Хўш, Финландия таълим тизими бундай мувофаққиятга қандай эришди? Зеро, аксарият ҳолларда фин талабалари АҚШ ва Буюк Британия талабларидан юқорироқ натижалар қайд этишади.
Маълумки, Иқтисодий Ҳамкорлик ва Ривожланиш Ташкилоти (ОЭCД) томонидан ҳар уч йилда бир марта ўтказилдиган Халқаро Талабаларни Баҳолаш Дастури (ПИCА), мунтазам равишда америкаликлар ва британиялик талабаларнинг таълим самарадорлигини баҳолашда жиддий равишда ортда қолаётганлигини кўрсатиб туради. Бугун шу ҳақида гаплашамиз.
1. Финландия болалари таълимни бошқа мамлакатларникига қараганда кечроқ бошлайдилар. Улар 7 ёшдан бошлаб мактабга қабул қилинишади. «Болаларни ҳаддан зиёд эрта мактабга бериш илмий жиҳатдан фойдали эмаслиги тасдиқланган», дейилади фин тизимида.
2. 7 ёшгача бўлган болалар кундузги болалар боғчаларига қатнайдилар, аммо у ерда дарслар ўрнига ижодий ўйинларга эътибор беришади. «Бу ёшдаги болаларга ўйнаш ва жисмоний фаол бўлиш учун вақт керак. Бу ёш ижодкорлик даври”, дейди Хелсинки шаҳридаги Франсения кундузги даволаш маркази раҳбари Тина Маржониеми.
3. Ўқишнинг ҳар 45-дақиқасида талабалар 15 дақиқа танаффус қилиб, турли ўйинлар ўйнашади.
4. Финландияда мажбурий таълим 9 йил давом этади, ўқувчилар 16 ёшдан ўқишни тарк этишлари мумкин. Ушбу ғоя Финляндия талабаларини ҳақиқий ҳаётга тайёрлашга қаратилган.
5. Финландияда талабалар фақат 16 ёшида марказлаштирилган имтиҳондан ўтишлари талаб қилинади.
6. Финландия талабалари ривожланган мамлакатлар ичида энг кам дарс соатларини ўқийдилар (дарслар 8-9 оралиғида бошланиб, кундузги 2 гача якунланади), шунга қарамай жуда яхши натижалар қайд этадилар.
7. Финландиядаги мактаблар ҳеч қандай тартибда жойлашмаган, мактаблар, минтақалар, ўқитувчилар ва ҳатто талабалар ўртасида таққослашлар мавжуд эмас. Улар рақобат эмас, айнан ҳамкорлик муваффақият калитидир, деб ҳисоблашади.
8. Фин ўқитувчилари дунёдаги энг малакали мутахассислардир. Финляндияда ўқитувчиликка бўлган талаблар жуда юқори.
9. Финландия ўқитувчилари худди шифокорлар ва юристлар каби мақомга эга. Уларинг ижтимоий мавқеи ҳам жуда юқори.
10. Фин ўқитувчиларининг бу қадар улкан мавқега эгаликлари ўқитувчи касбига бўлган талабнинг юқорилиги ҳамда малака имтиҳонларининг мураккаблиги билан изоҳланади. Шунинг учун Финландияда улар ўз ўқитувчиларини доимий равишда баҳолаш ва баҳолаб бориш заруратини сезмайдилар. Агар ўқитувчидан қандайдир хато ёки камчилик ўтадиган бўлса, у билан мактаб директорининг ўзи шуғулланиб қўя қолади.
11. Финландияда мактаблар текширилмайди. 1990 йилларнинг бошларида Финландияда мактабларни махсус комиссиялар томонидан текширилиш амалиёти бекор қилинди. Финландияликлар ўқитувчилар ва мактаб раҳбарларининг профессионаллигига ишонадилар. Мактаблар ўз-ўзини баҳолашга даъват этилади.
12. Финландияда хусусий мактаблар мавжуд эмас. Фин мактаблари ўртасида рақобат йўқлигининг сабабларидан бири шундаки, барча мактаблар давлат маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади. Шу боис қаердадир яхши, қаердадир сустроқ таълим берилишига йўл қўйилмайди.
13. Финландия мактабларининг барча ўқувчиларининг тушлиги давлат томонидан қоплаб берилади. 1943 йилдан буён мазкур амалиётга амал қилиб келинмоқда.
14. Финландия таълим тизими тест натижаларини кўпайтириш ва математика, табиий фанлар, инглиз тилларига устуворлик бериш ўрнига, ўқиш учун соғлом ва уйғун муҳит яратишга эътибор қаратилди. Бунда таълим «ижтимоий тенгсизликни мувозанатлаш воситаси бўлиши керак», деган мафкурага амал қилинади.
15. Финландия талабалари кўпроқ тилларни ўрганишади. Улар фин тилини мактабдаги биринчи кунидан ўрганишади. 9 ёшида улар швед тилини ўрганишни бошлайдилар. 11 ёшида улар учинчи тилни (одатда инглиз тилини) ўрганишг рағбатлантирилади. Кўплаб ўқувчилар 13 ёшида тўртинчи тилни ўрганаётган бўлади.
16. Ўқитувчилар одатда кунига 4 соатдан машғулот ўтказишади ва ҳар ҳафта уларга касбий ривожланиш учун 2 соат вақт ажратилади. Бу эса, ўз навбатида муаллимларга тушадиган стрессни камайтиради.
17. Финландия миллий ўқув дастури кенг қўлланма бўлиб, ўқитувчиларга ўз услуби ва фикрларини синфда ишлатишига имкон беради. Бу Финляндия таълим тизимининг ўз ўқитувчиларига бўлган ишончига асосланади.
18. Ўрта мактаб ўқувчиларининг 66% қўшимча таълимга (коллеж ёки касб-ҳунар курсларига) қатнайдилар.
19. Финландия ҳар бир талабага АҚШ, Буюк Британия, Япония ва Германияга қараганда тахминан 30% камроқ маблағ сарфлайди (ОЭCД статистикаси).
Гули Нигор тайёрлади.
