Яқинда Хитойдаги Сиан транспорт университети олимлари томонидан гаджетларга ишқибозлик ҳамда оғир руҳий ҳолат (депрессия) ва безовталик ҳисси ўртасидаги боғлиқликка доир тадқиқот натижалари эълон қилинди. Унда ёзилишича, ушбу боғлиқлик мавжуд ва етарлича жиддий.
Тадқиқотчилар электрон ускуналардан фойдаланишнинг уч кўриниши – телевизор кўриш, компютерда ишлаш ва компютерда ўйин ўйнашга эътибор қаратишди. Натижада электрон ускуналардан фойдаланиш ҳамда депрессия ва безовталик аломатлари ўртасида жиддий алоқа мавжудлигини аниқлашди. Чекиш ва спиртли ичимликлар истеъмол қилиш ҳам гаджетларга ишқибозлик билан боғлиқ. Олимлар руҳий саломатликни сақлаш учун экранга тикилиш вақтини қисқартиришни тавсия этишди.
Шунингдек, олимлар муайян генлардаги мутациялар ва электрон ускуналарга боғланиб қолиш, зарарли одатлар ва руҳий бузилишлар ўртасида узвий алоқа борлигини исботлашди. Маълум бўлишича, кучли безовталик ҳисси ва телевизор кўришга иштиёқ ДCДC2 генидаги мутациялар билан боғлиқ бўлиб, у ёзиш пайтида дислексияга ва нутқни қайта ишлашга таъсир қилади. Депрессия ва видеоўйинларга мойиллик эса ФРМД4А гени билан алоқадор ва никотинга боғланиб қолиш, Алцгеймер касаллигининг авж олишига таъсир кўрсатади.
Гулчеҳра АЗИМОВА тайёрлади.
