Орамизда кўпчилик руҳий кечинмалари, асабий ҳолатига жиддий эътибор бермаган ҳолда ўз ҳаёт йўлини давом эттиришга, иш-ташвиш деб югуришга кўниккан. Лекин шуни ҳам унутмаслик керакки, қаттиқ сиқилиш, кўнгил ғашлиги, доимий безовталик ва бошқа психик кечинмалар танада турли дардлар юзага келишига сабаб бўлади. Негаки бу ҳолатлар асаб тизимига салбий таъсир кўрсатиб, иммунитетни сусайтиради, организмнинг микроб ва бактерияларга қарши курашиш кучини камайтиради. Шу туфайли стресс ҳолатларига унчалик берилмайдиган ёки бу ҳолатдан тез чиқиб кета оладиган, асаб тизими соғлом кишилар камдан-кам ҳолларда хасталанади.
Руҳшунослар киши кўнглидан кечаётган ҳис-ҳаяжон, дард-аламнинг муайян бир касалликларни келтириб чиқаришини кўп бора таъкидлашган. Мисол учун, доимий асабий зўриқиш натижасида сурункали бош оғриғи кузатилади, қўрқув туфайли юрак фаолияти ишдан чиқади, қаҳр ва ғазаб ҳиссидан жигар зарар кўради, руҳсизлик кайфияти ошқозонга салбий таъсир кўрсатади.
Ҳисларни «ичга ютиш» ўта хавфли, бу ревматик артрит, ошқозон яраси, сурункали бош оғриғи, гипертония ва бошқа нохуш ҳолатлар пайдо бўлишига хизмат қилади. Негаки организм қалб ва тана бирлигини ташкил қилади. Безовталик, уйқусизлик, жиззакилик, ўзига бўлган ишончнинг йўқолиши, тез аччиқланиш ҳамда ҳар нарсага бепарволик асаб тизими фаолияти бузилганидан дарак беради.
Гулчеҳра АЗИМОВА тайёрлади.
