Илм-фан, техника соҳасидаги кашфиётлар, санъат соҳасидаги ютуқлар учун олимлар, ижодкорлар турли мукофотлар билан тақдирланишини ҳаммамиз яхши биламиз. Айниқса, Нобел мукофоти ҳақида эшитмаган одамни топиш мушкул. Унинг акси, пародияси сифатида таъсис этилган Шнобел (Игнобел, Антинобел) мукофоти ҳақида ҳам эшитганмисиз? Бу мукофот аввал кулдириб, кейин ўйлатадиган кашфиёт қилганларга берилади. Бундай кашфиётлар қанчалик синчковликни талаб этмасин, деярли ҳеч қандай амалий аҳамиятга эга бўлмайди.

Шнобел мукофоти ҳам худди Нобел мукофоти сингари ҳар йили октябр ойининг бошларида топширилади. Уларни эгаларига Нобел мукофоти соҳиблари топширади.

Турли йилларда Шнобел мукофоти қуйидаги кашфиётлар учун берилган эди:

– 2002 йилда австралиялик олимга инсоннинг киндигида кир тўпланиши сабабларига ва унинг таркибига бағишланган китоби учун, немис олимига эса пиво кўпиги йўқ бўлиши қонуниятини математик йўл билан тадқиқ қилгани учун;

– 2005 йилда кимёгарларга инсоннинг шарбат (қиём)да сузиш тезлигини илмий усулда аниқлаганликлари учун;

– 2006 йилда калифорниялик тадқиқотчиларга қизилиштоннинг боши оғримаслигини исботлаганликлари учун;

– 2007 йилда Гарвард ва Сантяго университетларининг бир гуруҳ олимларга ғижимланган чойшабларнинг чизиқлари инсон ёки ҳайвон терисидаги чизиқларга ўхшашлигини аниқлаганликлари учун;

– 2008 йилда америкалик физикларга сочлар ёки арқонлар эҳтиёцизлик билан бир уюм қилиб қўйилса, улар тугун бўлиб қолишини математик йўл билан исботлаганликлари учун;

– 2010 йилда америкалик тадқиқотчиларга агар лабораторияда микроблар мавжуд бўлса, улар лабораториядаги айнан соқолли олимларга ёпишишини аниқлаганликлари учун.

 – 2021 йилда эса Итан Бесерис, Девид Керриер ва С. Нейлвейга бош билан урилганда айнан соқол жағ синиши хавфини камайтиришни исботлагани учун.

 Энг қизиғи, ўтган йили Хишаши Мураками, Клаудио Филициани, Юта Нишиама, Кацухиро Ниширами бошқаларнинг тезлигини нотўғри ҳисобга олгани ёки чалғигани сабабли баъзан пиёдалар бир-бири билан тўқнашиб кетишини исботлагани учун ушбу мукофотни “қўлга киритди”. Алессандро Корбетта, Жаспер Миусен, Чан-мин Ли, Роберто Бензи, Федерико Тоши эса нега айнан пиёдалар бир-бири билан тез-тез тўқнашиб кетмаслигини тажриба йўли билан тадқиқ қилгани учун мазкур мукофотга “муносиб” деб топилдилар.

Ҳар йили ёлғондакам кўзойнак, ясама бурун таққан, попукли қалпоқ кийган ҳақиқий Нобел мукофоти соҳиблари Шнобел мукофотларини эгаларига топшириш учун Гарварддаги Сандерс театрига ташриф буюради. Театрнинг 1166 ўринга мўлжалланган муҳташам залида қоғоздан ясалган самолётлар учиб юради. Лауреатларга сўзлаш учун 60 сония вақт берилади. Уларнинг маърузаси белгиланган вақтдан чўзилиб кеца, саккиз ёшли қизалоқ: «Илтимос, тугатинг, зерикиб кетдим!» – дейди инжиқлик билан.

Шнобел мукофоти соҳибларига зар қоғоздан ясалган медал ёки шунга ўхшаш бирор кулгили эсдалик совғаси, шунингдек, унинг мукофотланганини тасдиқловчи, уч нафар Нобел мукофоти соҳиби томонидан имзоланган сертификат топширилади. Мукофотлаш маросими АҚШ телевидениеси ва радиоси томонидан бир неча тилда эфирга узатилади. Мукофотлаш маросими ўтгач, бир неча кундан сўнг Маccачйcетc технология институтида Шнобел мукофоти лауреатлари норасмий равишда маъруза ўқийди. Улар маъруза чоғида ўз тадқиқотларининг моҳияти ва аҳамиятини тушунтиришлари мумкин.

 

Интернет материаллари асосида

Бобомурод ТОШЕВ тайёрлади.