Мана жазирама ёз кунлари ҳам бошланди. Бу даврда инсон нафақат офтоб уришидан ҳимояланиши, балки дастурхонидаги маҳсулотлар саломатлик учун фойдали бўлишига ҳам аҳамият қаратиши лозим. Кунлик истеъмолда сархил мева-сабзавотлар, кўкатлар, минерал сув ёки табиий шарбатлар бўлиши мақсадга мувофиқ. Айниқса, ёз ойларида дўкондан харид қилинаётган нарсаларнинг амал қилиш муддати ва сақланиш шароитларига эътибор қаратиш, ярим тайёр маҳсулотлар ва газли ичимликлар истеъмолини имкон қадар чеклаш керак.Афсуски, бугунги кунда биз тановул қилаётган озиқ-овқатларнинг ҳаммаси ҳам табиий эмас ва шу боис улар организмга етарлича зарар келтириши мумкин. Баъзан дастурхонимиздан ўрин эгаллайдиган колбаса ва консерва маҳсулотлари ҳам бундан мустасно эмас. Улар юқори миқдордаги туз, консервантлар, сирка кислотаси, шакар, таъм берувчи ва қуюқлаштирувчи қўшимчалар, Е кодли моддалар эвазига ширин маза ва ёқимли ҳидга эга бўлади. Буларнинг бари, ўз ўрнида, юрак ва онкологик касалликларининг юзага келиши, диабет хасталигининг ривожланиши, аллергия пайдо бўлиши, ички секреция безлари фаолияти ҳамда модда алмашинувининг бузилишига хизмат қилади.Шу сабабдан оила аъзоларининг саломатлигини сақлаш учун ушбу маҳсулотларни уй шароитида, таркибини билиб-кўриб тайёрлаш ва истеъмол қилиш мақсадга мувофиқдир.Гулчеҳра АЗИМОВА тайёрлади.