Бир донишманднинг ҳузурига келган жангчи дебди:
– Устоз, мен энди ёш эмасман, кўп вақтимни жанг майдонларида ўтказдим ва исталган кунларнинг бирида вафот этишим мумкинлигини биламан. Лекин бир нарса мени қизиқтиради: айтинг-чи, жаннат ва дўзах эшиклари қандай очилади?
Қария жангчига қараб қўйди, кўзларини бироз қисди, кейин кулиб юборди:
– Наҳот, сен жангчи бўлсанг? Ҳеч ишонмайман-да! Сендек нимжон ва бўшашган одам отга минишни ҳам эплай олмаса керак!
Жангчининг кўзларида қаҳр ўти чақнабди. У қиличини чиқариб, донишманднинг боши узра даст кўтарибди. Аммо донишманд бундан ҳеч чўчимабди ва хотиржамлик билан дебди:
– Дўзахнинг эшиклари мана шундай очилади!
Жангчи ахмоқлик қилиб қўйганини тушуниб, қиличини қинига солибди ва узр сўрай бошлабди:
– Мени кечиринг, устоз, қизишиб кетдим. Сизнинг доно амалингизни дарров фаҳмлай олмабман.
Шунда донишманд:
– Жаннат эшиклари эса мана шундай очилади, – дебди.
Рус тилидан Гулчеҳра АЗИМОВА таржимаси.
