Кенгурулар юрти дунёдаги энг хавфсиз давлатлардан бири ҳисобланади. Мамлакатда ҳуқуқ-тартиботни сақлаш учун полиция ходимлари, шерифлар, суд ижрочилари ва бошқа мутасадди идоралар ходимлари масъул. 

Австралия полицияси 1979-йилда бир қатор турдош идораларнинг бирлашиши натижасида ташкил топган. Мамлакатда полиция икки даражада ишлайди: федерал ва штат полицияси. Шунга кўра, биринчиси федерал қонунчиликка, иккинчиси штатлар ва ҳудудларда тартиб ҳамда қонунчиликка риоя этилишини назорат қилади.

Федерал жиноят полицияси агентлари махсус жиноятларни тергов қилади. Ушбу жиноятларга йирик фирибгарликлар, контрабанда, гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланиши, уюшган ва халқаро жиноятчилик, терроризм кабилар киради. Бундан ташқари, давлат полицияси йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилинишини таъминлайди, транспортда ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилади, сув устида қонунийликни сақлайди, терроризмга қарши курашади, қидирув-қутқарув ишларини амалга оширади, жиноятларни фош этади, жамоат тартибини сақлайди. Эътиборлиси, ҳар бир штат полициясининг алоҳида ўз хизмат либоси ва нишони бор.

Австралияда полиция таълим муассасасига киришни истовчилар мамлакат фуқароси ва ўрта маълумотли бўлиш керак. Бўлажак курсант ҳар қандай автомобилни бошқара олиши, пухта жисмоний тайёргарликка ва мустаҳкам соғлиққа эга бўлиши лозим. Федерал полиция ўқув юртига киришда психологик тестдан ўтиш ва биринчи ёрдам кўрсатиш гувоҳномаси бўлиши шарт. Ўқиш курси 13 ҳафтадан 24 ҳафтагача давом этади. 

Полиция ўқув юрти битирувчисига дарҳол диплом берилмайди. У қасамёд қилгач, синов муддатини ўтайди. Синов даври эса қайси штатда хизмат қилишига қараб бир йилдан бир ярим йилгача давом этиши мумкин. Бу даврда битирувчи оддий патрул вазифасида фаолият юритади. Синовдан муваффақиятли ўтган тақдирдагина, ёш ходимга жамоат тартибини муҳофаза қилиш соҳасида фаолият юритишга рухсат берувчи диплом берилади. Австралия полицияси констебл, сержант, текширувчи, командир, туман комиссари каби бир қанча даражаларни ўз ичига олади. 

Абдураҳмон 

МУСТАФОҚУЛОВ

 тайёрлади.