Машҳур француз актёри Пол Муне иштирокидаги театр труппаси гастролларга борганда майда роллар учун актёрларни олиб боришмасди. Бунақа роллар учун ижрочиларни маҳаллий ҳаваскорлар орасидан топишарди.

Шундай ҳаваскорлардан бирига хизматкорнинг «Монсенор, соқов келди» деган ягона луқмасини ижро этиш топширилади.

Пойтахтдаги машҳур артистлар билан бир спектаклда рол ўйнаётганидан ҳаяжонланган ҳаваскор саҳнадаги ижросини янада чўзиш учун ўзидан ҳам андак қўшиб шундай дейди: «Монсенор, соқов келди... ва у сиз билан гаплашмоқчи».

Унга хатосини тузатиш учун имконият яратиш мақсадида Муне шундай дейди:

– Унинг соқов эканлигига ишончингиз комилми?

– Ҳарқалай, ўзи шунақа деяпти!– ҳаваскор баттар қовун туширади.