Ҳаёт йўлидаги ҳар қандай боши берк кўчадан чиқишга ёрдам берадиган икки оддий ҳақиқат мавжуд. Ушбу йўлдан борар экансиз, қуйидаги икки ёндашувни яхшилаб эслаб қолинг. Кейинчалик ҳар қандай вазиятни ушбу призма орқали кўришингиз мумкин бўлади. Донишмандларнинг фикрича, коинот айнан шундай ишлайди.

Биринчи ҳақиқатга кўра, ҳаётингизда бирор муаммо юзага келган бўлса, у ҳолда сизда уни ҳал қилиш учун ресурс ҳам бор. Табиийки, сиз муаммони қабул қилиш билан бирга унинг ечимига ҳам эга эканингизни ҳақиқат сифатида қабул қилсангиз. Бунда безовталик ва иккиланишга сарфланадиган қувват тежалади.

Муаммо нима? Муаммо бахтли яшашга ҳалақит қиладиган тўсиқ. Тўсиқ нима? Бу ҳаётий кучингиз оқимини тўхтатиб қоладиган аллақандай воқеа, энергия ёки фикрдир. Тўсиқ бор жойда, тиқилиш юзага келади. Танада касаллик ёки организмда нохуш ҳислар шаклланади. Агар буни ўзгартиришга қарор қилган бўлсангиз, албатта, ўзгартира оласиз. Эртами-кечми, у ёки бу тарздами, буни ўзгартириш учун сизда куч етарли. Бу биринчи ҳақиқат эди.

Иккинчиси эса шундай янграйди: эътиборни нимага йўналтирсак, ўша нарса мустаҳкамланади. Муаммодан халос бўлишни хоҳлаган ҳолда бу ҳақда жуда кўп ўйлаймиз. Шу тариқа, куч-қувватни муаммога йўналтирамиз. Шу сабабдан муаммо юзага келганда бошқача йўл тутинг. Ушбу муаммони қаршисида туриб, у бўлмаганда қандай яшашни исташингизни қайд этинг. Бу муаммо мавжуд бўлмаса, қандай бўлишни хоҳлар эдингиз? Агар бу масала, бу қийин вазият, яқинлар билан муносабатда кузатиладиган бундай қийинчилик бўлмаса, ўзингизни қандай тасаввур қилган бўлардингиз...

Нимадан халос бўлишни эмас, балки нимани хоҳлашингизни ўйланг. Муаммони ижобий тарзда қайта кўриб чиқинг: «Мен ҳаётимда мана буни ривожлантириб, буни кенгайтирмоқчиман...» Агар ҳар қандай муаммони унинг ўрнига нимага эга бўлишни хоҳлашингизга қараб кўриб чиқсангиз, унда ушбу қийин вазиятдан чиқишнинг қанча турли йўллари мавжудлигига ўзингиз гувоҳ бўласиз.

Гулчеҳра АЗИМОВА тайёрлади.