Грузиянинг Мсхета-Мтианети ҳудудида жойлашган Пасанаури қишлоғида ҳар йили минглаб сайёҳларни ўзига жалб этувчи ажойиб манзара мавжуд. Бу Оқ Арагви ва Қора Арагви оқимлари келиб қуйилувчи дарёдир. 

Гап шундаки, ушбу икки оқим бир йўналишда бирлашса ҳам ўз рангини ўзгартирмайди. Бош Кавказ тизмасининг жанубий ёнбағирларидан оқиб келувчи Оқ Арагви лойқа тоғ жинслари ва оҳактошлар билан аралашиб, оқиш тусга киради. Пасанаури қишлоғига етганида эса, қора тоғ жинслари сабабли ўзига хос рангга эга бўлган Қора Арагви билан бирлашади. Уларнинг иккиси ҳосил қилган дарё сувлари бир-бирига аралашмаган ҳолда, оқ-қора параллел чизиқлар кўринишида анча масофагача оқиб боради. 

Дарвоқе, маҳаллий халқ орасида шундай ривоят юради. Унга кўра, бир замонлар баланд тоғлар орасида икки опа-сингил яшар, улардан бирининг сочлари тим қора бўлса, иккинчисиники оқ-сарғиш тусда экан. Бахтга қарши, уларнинг иккиси ҳам бир шаҳзодага ошиқ бўлибди. Лекин йигит сарғиш сочли қизни танлаб, унга уйланибди. Ўз муҳаббатини пинҳон тутган опа кўп азоб чекибди ва синглисининг бахтига халақит қилмаслик учун ўзини дарёга ташлабди. Кўп ўтмай, айрилиққа чидай олмаган сингил ҳам унинг ортидан боришга қарор қилибди. Шундай қилиб, уларнинг зулфи рангидан тус олган оқ ва қора дарё пайдо бўлибди. 

Гулчеҳра АЗИМОВА тайёрлади.