Баъзан инсон овқатланиш пайтида етарлича тўймаганлигини ҳис этиб, меъёридан ортиқ тановул қилади, бу эса ортиқча вазн тўпланишига олиб келади. Шуни унутмаслик керакки, тўйиш ҳисси ҳар доим ҳам овқат миқдорига боғлиқ бўлмайди. Фақат истеъмолдаги маҳсулотларда қандай озуқавий моддалар мавжудлигини баҳолабгина, нега тамаддидан сўнг очлик ёки тўймаганлик ҳисси қолишини аниқлаш мумкин. Бунда егулик кучининг организм томонидан қанчалик тез сарфланиши ҳам ўта муҳим. Таомномангиз асосини витаминга бой озуқавий толалар, оқсиллар, «соғлом» ёғлар каби муҳим учлик ташкил қилишига аҳамият қаратинг. Улар нафақат узоқ вақт тўқ юришга ёрдам беради, балки организмни барча керакли озуқавий моддалар билан таъминлаб, танада ортиқча килограммлар йиғилишига йўл қўймайди.
Кунига 4-5 марта оз-оздан тамадди қилишни ва 8-10 стакан суюқлик қабул қилишни одат тусига киритинг. Овқат маҳалини ўтказиб юбориш кейин ортиқча миқдорда таом истеъмолига сабаб бўлади. Шу сабабдан ичиш ёки ейиш истагини англашда адашмаслик учун организмни тез-тез сув билан таъминлаш, таом истеъмолини эса кун давомида тенг тақсимлаш мақсадга мувофиқ.
Гулчеҳра АЗИМОВА тайёрлади.
