Палминг нима ва унинг кўзлар учун фойдаси қандай? Бу аслида оддий машқ бўлиб, кўз зўриқишини енгиллаштиради ва уни сокинлаштиради.

Бу машқдан кейин кўриш қобилияти яхшиланади. Лекин ижобий натижаларга эришиш ва кўз нурини тиклаш учун вақт ва бардош талаб қилинади.

Палмингни амалга ошириш учун қўлларни совун билан тозалаб ювинг. Сўнгра ўриндиқда қулай ўтириб, тизза устига ёстиқни жойлаштиринг ва унга тирсакларни қўйинг. Бу машқни стол устига тирсакларни қўйган ҳолда ҳам бажариш мумкин, лекин бунда бош орқага эгилган бўлмаслиги керак.

Бир неча дақиқа давомида икки қўл кафтини бир-бирига ишқалаб қиздиринг. Кейин бир қўлнинг бармоқлари устига иккинчисини жойлаган ҳолда қайноқ кафтларни кўзлар устига енгил босинг. Бармоқлар орасидан ёруғлик тушмасин. Шу ҳолатда 3-5 дақиқа ўтиринг. Кейин қўлларни ёнга очган ҳолда атрофга диққат билан разм солинг. Нарсалар машқдан олдингидан кўра тиниқроқ кўринганига гувоҳ бўласиз.

Палминг самараси уни кунига 2-3 марта бажарганда янада кучли бўлади. Имкон қадар бу машқни овқатланиш олдидан амалга оширган маъқул. Палминг вақтида эса чиройли манзараларни кўз олдингизга келтиринг.

Гулчеҳра АЗИМОВА тайёрлади.