Инсоният курраи заминда мавжуд экан, улар ўртасида низолар, урушлар давом этади. Ғолиб ва мағлуб, золим ва мазлум, ҳақ ва ноҳақ ҳамиша бўлган. Шукурки, бу курашларнинг якунида ҳамиша адолат қарор топган, эзгулик, инсонийлик ғалаба қилган. Шундай адолатли фотиҳларнинг бири бобокалонимиз Амир Темурдир. Унинг ҳаёти, юритган сиёсати, ҳарбий юришлари ҳақида яратилган асарлар жуда кўп. У ҳақида битилган қасидалар-у бағишловларнинг ҳам саноғи йўқ. Сабаби, у нафақат туркийлар, балки Оврўполикларни мўғуллар балосидан халос қилган бўлса, ғарбликларни Усмонлилар истилосидан қутқариб қолган. Ушбу тарихий манбаларни ўқир эканман, Темур даврида яшаган тарихчи Шарафиддин Али Яздийнинг "Зафарнома" асари эътиборимни тортди. "Зафарнома" бошқа манбаларга нисбатан ҳақиқатга анча яқин ва муҳим маълумотларни ўзида мужассам этган.

"Зафарнома" 1419-1425 йилларда Иброҳим Султон Абулфатҳ (Шохруҳнинг ўғли, Темурнинг набираси) буйруғига биноан ёзилган. Асар аслида "Фатҳнома" ёки "Фатҳномайи Темурий", "Тарихи Жаҳонкушойи Темурий" каби номланган бўлса-да, Низомиддин Шомийнинг "Зафарнома" асарига мазмунан ўхшашлиги туфайли шу ном билан шуҳрат қозонади. 

Асар муқаддима ва зафарнома қисмларидан иборат. Муқаддима Темургача бўлган даврнинг умумий тарихига бағишланади. Зафарнома, деб номланган асосий қисмда Темур даври баён этилган. Асар ёзилишидан олдин Иброҳим Султоннинг буйруғига кўра учта гуруҳ: туркий ва форсий тилни билувчи тарихчи олимлар, учинчиси бевосита Темурнинг ёнида бўлган шоҳидлардан иборат қилиб тузилган. Темур тарихига оид ҳар бир маълумот, ҳикоя алоҳида ўрганилади ва шоҳидлар айтиб берганлари билан солиштирилади. Бу эса яратилажак асарнинг фавқулодда асосли ва ҳаққонийлигига хизмат қилади. Ўрганилган ва тўпланган саҳиҳ маълумотлар шахсан Иброҳим Султон томонидан ўқилади ва котиблар томонидан асарнинг хомаки нусхаси яратилади. Тарихчи Шарафиддин Али Яздий эса ушбу андоза асосида "Зафарнома"ни ёзган. Асар ХВИ асрда шайбоний Кўчкунчихон фармони билан ўзбек тилига таржима қилинган. 1997 йилда айнан шу таржима нусха чоп этилади. 

Асарда Темурийлар даври, давлат тузилиши, сиёсий ва ҳарбий бошқарув билан бирга Темурнинг оила бошлиғи, ота, бобо сифатидаги сиймоси ҳам гавдаланган. Хусусан, йигирма ёшли шаҳзода Жаҳонгирнинг вафоти ҳикоясини олайлик. Бунда фарзанд доғини кўрган жаҳон султонининг ҳиссиётлари ўқувчини қайғуга солади. Умуман, асарда Темур ҳаётидаги ҳар бир муҳим воқеа батафсил, кетма-кет, тушунарли ёритилган. Темурнинг адолати, Темурнинг кучли ижтимоий сиёсати, ҳарбий маҳорати, инсоний хислатлари баён этилган. Давлат тузуми, халқ ҳаёти, урф-одатлари, яшаш тарзи ҳақида ҳам қимматли маълумотлар берилган. 

 Аждодларимизга муносиб авлод сифатида ўчмас тарихни ўрганиш, ундан тўғри хулоса чиқаришга бурчлимиз. Амир Темур билан боғлиқ тарихни эса, "Зафарнома"дан бошланмоғи лозим. Қўлимиздаги қимматли хазинадан унумли фойдаланайлик!

 Феруза АБДУЛЛАЕВА,

 Ўзжоку ҳарбий журналистика 

 йўналиши талабаси.