Халқ бисотидан
Бир ота-она ҳар йили ёз ойларида ўғлини бувисининг уйига олиб борар экан. Йиллар ўтиб бола ўсмирлик ёшига етибди ва навбатдаги сафар вақти келганда:
– Мен энди ёш бола эмасман, катта бўлиб қолдим. Бувимникига ўзим ҳам бемалол кетавераман! – дебди.
Бироз норозилик билдирган ота-она ахийри рози бўлибди.
Мана, улар темирйўл бекатида туриб, ўз дилбандини кузатиш асносида унга насиҳат қила бошлашди. Ўғил эса ўзига ишонч билан:
– Ойи, дада, биламан! Бўлди, юз марта такрорладингиз ўзиям! – дебди.
Шунда отаси:
– Болам, агар ўзингни ёмон ҳис қилиб, нимадандир қўрқа бошласанг, мана буни ўқи, – дея йигитчанинг чўнтагига нимадир солиб қўйибди.
Мана, ўспирин вагондаги ўз жойида ўтириб, деразадан манзарани томоша қилиб кетмоқда. Атрофда бегона одамлар бир-бирини итариб, шовқин солиб, тинмай кириб-чиқиб юрибди. Вагон кузатувчиси йигитчага нимадир деб танбеҳ берди, кимдир унга норози, яна кимдир шубҳали нигоҳ ташлаб қўйди. Шунда ўсмир ўзини қандайдир ноўнғай ҳис қилиб, дақиқа сайин қўрқув ва хавотир ҳисси ортиб бораётганини сезди. Атрофга олазарак боқди, юраги ваҳимадан гупиллаб ура бошлади. У бурчакка қадалиб ўтириб олди, кўзларига ёш келди, томоғига нимадир тиқилгандек бўлди. Шу пайт отаси хайрлашиш олдидан унга нимадир бергани ёдига тушди. Қўллари қалтираб, чўнтагини пайпаслади ва бир парча қоғозни чиқарди. Мактубда «Ўғлим, мен қўшни вагондаман» сўзлари битилган эди.
Токи, тирик эканмиз, фарзандларни қўллаб-қувватлашни ва ҳамиша уларнинг ёнида туришни унутмаслигимиз лозим!
Рус тилидан Гулчеҳра АЗИМОВА таржимаси.
